Бугун, 10 июнь куни АОКАда ташкил этилган штабда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бўлим бошлиғи Абдусамад Маманазаров иштирокида брифинг ўтказилди. Вазирлик масъул ходими янги ўқув йили ва қабул жараёнлари тўғрисида жамоатчилик вакилларидан келиб тушган саволларга жавоб берди. Шу жумладан, жисмоний тарбия йўналишида касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказилиш тартибига аниқлик киритилди.

«Пандемия шароитида карантин, санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этилган ҳолда, тест синовлари билан бир қаторда касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган таълим йўналишлари учун имтиҳонлар 11 июлдан 20 июлга қадар, алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари учун 25 июлдан 10 августгача бўлган вақт оралиғида ўтказилади», — дея жавоб берди Абдусамад Маманазаров.

Карантин чекловлари давом этган тақдирда, касбий (ижодий) имтиҳонларни ўтказиш муддатларига ўзгартириш киритилиши мумкин.

Ижодий ва тест имтиҳонлари (педагогик таълим йўналиши) асосида талабаликка қабул қилинадиган йўналишларда эса ижодий имтиҳонларнинг фақат биттаси (махсус жисмоний тайёргарлик) сақлаб қолинади ва қўшимча тест топширилади.

Абитуриентлар ижодий имтиҳонларни фақат бир кун ва узоғи бир соат ичида топширишади.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида имтиҳонлар касбий (ижодий) ҳамда касбий (ижодий) тест йўналишида ташкил этилади.

Тўлиқ ижодий имтиҳон асосида талабаликка қабул қилинадиган йўналишларда абитуриентлар шу пайтга қадар махсус ва умумий жисмоний тайёргарликдан ташқари сузиш бўйича ҳам имтиҳон топширишар эди.

Бу йилги қабул мавсумида абитуриентлар фақат махсус ва умумий жисмоний тайёргарлик бўйича имтиҳон топширади, спортнинг сузиш тури бўйича имтиҳон олиб ташланди.

Бундан ташқари, брифингда олий таълим муассасалари сиртқи бўлимлар учун қабул қачон бошланишига аниқлик киритилди. Сиртқи таълим шаклида ўқишни хоҳловчи абитуриентларнинг ҳужжатлари ҳам кундузги таълим шакли билан бир хил муддатда, яъни 15 июнда 15 июлга қадар (шу куни ҳам) қабул қилинади.