Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти фоизсиз бўлиб тўлашга автомашина олиб берувчи Almaz super avto компанияси фаолиятига чек қўйилганини маълум қилди.
Компанияга Жиззахда фуқаро Э. И. ва бошқалар томонидан асос солинган бўлиб, ўтган йилнинг май ойидан сентябригача фаолият олиб борган. Фуқароларга автомобиль русумига қараб 2,6 млн дан 9,1 млн сўмгача миқдордаги тарифлар бўйича 2 йилдан 5 йилгача муддатга фоизсиз автомобиль сотиб олиб беришни таклиф қилган.
«Тадбиркорлар» ўз хизматларини флаерлар, ижтимоий тармоқлар ва ОАВ орқали реклама қилган, Андижон, Фарғона ва Наманганда филиалларини очган. Улар 3,1 млн сўмдан зиёд миқдордаги 446 та шартномани тузишнинг уддасидан чиқа олишган. Компания ҳисоб рақамига эса 1,6 млрд сўм кирим қилинган, қолган 1,5 млрд сўм эса фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилган, дея қайд этди Тергов департаменти.
Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилган тергов ҳаракатлари якунига кўра, Э.И., га Жиноят кодексининг 188−1-моддаси (пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) 3-қисми «а,в» банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми «а» банди ва 189-моддаси (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш* 1-қисми билан айб эълон қилинди.
Қолган мансабдор шахслар — Э.Қ. ва Д.Х.,га нисбатан эса ЖКнинг 188−1-моддаси 3-қисми «а,в» банди, 189-моддаси 1-қисми билан айб эълон қилинди.
Э.И., га нисбатан «қамоққа олиш», Э.Қ. ва Д.Х.,га нисбатан «гаров» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Тергов давомида жабрланувчиларга етказилган моддий зарарнинг 1,1 млрд сўми ундирилган. Жиноят иши тегишли тартибда суд муҳокамасига юборилган.