Республика махсус комиссияси қарорига кўра, «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратилган ҳудудлар ўртасида санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда қуйидаги поездлар қатнови тикланишига рухсат берилди.
Хусусан, қуйидаги рейслар тикланади:
- Тошкент — Бухоро — Тошкент;
- Тошкент — Термиз — Тошкент;
- Тошкент — Хива — Тошкент;
- Тошкент — Нукус — Тошкент;
- Андижон — Хива — Андижон;
- Андижон — Бухоро — Андижон;
- Андижон — Термиз — Андижон.
Транспорт вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан биргаликда ҳудудлардаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб поездлар қатнов режасини белгилаб боради.
Шунингдек, Тошкент-Самарқанд-Тошкент йўналиши бўйича санитария-эпидемиологик талабларга қатъий риоя этган ҳолда «Афросиёб» поездларининг қатновлари йўлга қўйилишига рухсат берилди.
Юқоридагилар билан бир қаторда автотранспорт воситаларида ёлғиз ҳаракатланаётган ҳайдовчига тиббий ниқобдан фойдаланмасликка рухсат берилди, дейилади комиссия хабарида.