Коронавирус сабабли хорижий мамлакатларда қолишга мажбур бўлган ва Ўзбекистонга қайта олмаётган ҳамюртларимизнинг ҳикоялари билан бўлишган эдик.
Энди эса, «Газета.uz» коронавирус пандемияси оқибатида чегараларнинг ёпилиши ва авиақатновларнинг тўхтатилиши сабабли ўз юртига қайтолмай, Ўзбекистонда қолган хорижликлар ҳикоялари билан бўлишади. Қаҳрамонларимиз турли хил ҳиссиётларни бошдан кечиришган: Кимдир ўз тақдирини учратган бўлса, кимдир фарзанди туғилишини ўтказиб юборган.
«Ғилдиракли уйимизга қайтмоқчимиз» — Ян ва Силке Нойманн
Биз — ўзининг Volkswagen T4 фургонида дунё бўйлаб саёҳат қилмоқчи бўлган германиялик оиламиз. Қозоғистонда эканлигимизда фургонимизни таъмирлаш учун усталарга топширишимизга тўғри келди. Биз мамлакатда фақат 30 кун қолишимиз мумкин эди ва фургонни таъмирлаш ундан узоқроқ вақт талаб қилинганлиги сабабли, Қозоғистонни тарк этишга мажбур бўлдик. 22 февраль куни Ўзбекистонга келдик.
Шунчаки баъзи жойларни зиёрат қилиб, қайтиб кетмоқчи эдик. Узоқ вақт Ўзбекистонда бўлишни режалаштирмаганлигимиз сабабли, ўзимиз билан кўп нарсаларни олиб келмадик: фақат 2 та футболка, озгина кийим ва куртка. Фарғона водийсида бўлиб, Тошкентга поезд билан қайтдик. Қозоғистон билан чегарага етиб борганимизда, чегара аллақачон ёпилган эди ва бизни Қозоғистонга киритишмади. Визамиз йўқлиги учун эмас, балки коронавирус туфайли мамлакатга киришга рухсат беришмади. Энди қоидалар ўзгарган ва бизга виза керак, аммо ҳозир виза беришмаяпти.
Энди биз минтақада «бир умрга» қолиб кетамиз, эҳтимол қишда қайтармиз. Бизнинг барча нарсаларимиз Қозоғистонда. Ҳамма нарсаларимиз. Саёҳат қилиш учун биз бор-будимизни сотдик ва Германияда ҳеч нарсамиз қолмади.
Германия ва Қозоғистон элчихоналари билан боғландик, лекин улардан унчалик кўп ёрдам ололмадик. Германия элчихонаси ўз одамларини бинога киритмайди, биз милиция ходими билан гаплашишга мажбур бўлдик. Германияга эвакуация рейси ташкил этилди, аммо у ерда бизнинг яшаш жойимиз йўқ, бизнинг ғилдиракли уйимиз Қозоғистонда. Қозоғистон элчихонасида ҳеч ким ёрдам беришни хоҳламайди. Улар «бу бизнинг муаммоимиз эмас», деб ўйлашади.
Тошкентда ижара асосида квартирада туришимизга тўғри келди. Одатда биз турар жой учун пул сарфламаймиз, чунки биз фургонда яшаймиз, шунинг учун Ўзбекистондаги ҳаёт биз учун жуда қимматлик қиляпти. Мен пул ишлаб топиш мақсадида овқатланиш бўйича онлайн мутахассис сифатида ишлаяпман, аммо вазиятимиз унчалик яхши эмас. Мен доимо иш ва овқат пишириш билан бандман. Шунчаки янглишиб келиб қолган жойимизда зерикарли ҳаёт кечиряпмиз.
Аммо бизнинг ижарачиларимиз энг яхши одамлар. Улар бизга ҳамма нарсада ёрдам беришади. Ўзимизни ёлғиз ҳис қилаётганимиз йўқ, эр-хотин сифатида биз бошқа одамларга унчалик муҳтожлик сезмаймиз. Кўчада айланиш, кафега бориш ёки ресторанда овқатланиш мумкин бўлмаган вақтда қандай қилиб янги дўстлар орттиришимиз мумкин? Бунинг иложи йўқ!
Карантин масаласига келсак, Ўзбекистон ҳукумати коронавирус пандемиясига қарши курашни Германияга қараганда анча яхшироқ олиб борди, деб ўйлаймиз. Сизларда телевизор орқали мактаб дастурларини намойиш этишди, Германияда эса болалар март ойининг охиридан бери ҳеч қандай таълим олишгани йўқ. Сизлардаги қоидалар жуда оддий, масалан, «уйдан ташқарида ниқоб кийиш керак». Германия дастлаб барчага ниқобларнинг фойдаси йўқлигини айтди, аммо май ойида аҳолиси ниқоб кийиб юрган мамлакатларда аҳвол яхшиланганини кўришганда, расмийлар ниқоб кийишни айтишди, лекин кўплаб қоидаларни белгилаб қўйишди. Масалан, метрода сиз ниқоб кийишингиз керак эди, лекин шаҳарлараро поездларда дастлаб ниқобларсиз юриш мумкин эди, шунинг учун ҳеч ким ҳеч нарсани тушунмади.
Ўзбекистонда ҳақиқий карантин бўлди, Германияда эмас. Ўзбекистонда биринчи коронавирус бемори аниқланганидан кейин чегаралар дарҳол ёпилди, Германияда эса чегаралар икки ойдан кейин ёпилди (!). Ҳозир у ерда 187 мингдан ортиқ коронавирус бемори бор, деярли 9 минг (!) ўлим ҳолатлари қайд этилган. Тасаввур қилиб кўринг! Германиянинг аҳолиси Ўзбекистондан фақатгина 2,4 баравар кўпроқ, аммо коронавирус беморлари сони Ўзбекистондан 40 баравар ва ўлим ҳолатлари деярли 450 баравар кўп! Ақл бовар қилмайдиган ҳолатдек туялади, аммо бу аччиқ ҳақиқат.
Ўзбекистон ҳукумати коронавирус бўйича етарлича маълумот бериб боради (лекин баъзида Телеграмда маълумотлар сони кўпайиб кетади) ва ўзимизни бу ерда хавфсизликда ҳис қиламиз. Бундай оғир дамларда Германияда бўлмаганлигимиздан хурсандмиз!
Аммо Ўзбекистонни қанчалик тез тарк этсак, шунчалик яхши. Биз фургонимизга тезроқ қайтишимиз керак. Ростини айтсам, агар яна Ўзбекистонга (Европага қайтиш пайтида) келсак, бу ерда узоқ вақт қолмаймиз: сайёҳларни рўйхатдан ўтказиш жараёни жуда қиммат экан (бир кеча учун 1 дан 5 долларгача, яна бу тўлов учун сизга ҳеч нарса беришмайди) ва бу асабни қўзғатувчи «ноёб» вазият, чунки фақатгина Uzcard картаси бўлган ўзбекистонликлар буни қила олади. Ўз машинасида саёҳат қиладиганлар ва яшайдитганлар учун рўйхатдан ўтишнинг имкони йўқ. Буларнинг барчаси мустақил саёҳатчиларга ноқулайликлар туғдиради ва улар ўзларини яхши кутиб олинмагандек ҳис қилишади.
«Қизим дунёга келганида мен узоқда эдим» — Аҳмед Абдулбасет Элшетри
Мен ўз ишим билан 12 март куни Тожикистондан Ўзбекистонга келдим. 16 март куни менинг учрашувим бор эди ва ўша куни кечаси қайтиб кетишим керак эди. Аммо, афсуски, чегаралар ёпилди.
Тожикистон билан чегаралар очилиши биланоқ, қайтиб кетишим керак. Элчихонамиз ўз ёрдамини таклиф этди, лекин Тожикистон томон билан масалалар ҳал этилмади. Рейслар йўқ эди ва чегарани кесиб ҳам ўтолмасдим, чунки менга виза керак эди, март ойидан бошлаб эса визалар берилиши тўхтатилганди. Ҳеч бўлмаса биттаси учиб кетар деб умид қилиб, баъзи тасдиқланмаган парвозларга ҳам чипталарни бронь қилдим.
Ҳозир мен Олой бозори рўпарасидаги меҳмонхонада яшайман. Бир оз тежаган пулларим бор ва Мисрдаги оилам пул масаласида ёрдам бериб туришибди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда нархлар унчалик қиммат эмас экан ва яшаш харажатлари менга мос келади. Мен вақтимни китоб ўқиш, онлайн курслар ўтиш ва оилам билан ижтимоий тармоқлар орқали суҳбатлашиш билан ўтказаман.
Ўзбекистон ҳақида гапирадиган бўлсам, бу ерда ҳамма жойда ҳам суратга тушириш мумкин эмаслигини билмасдим. Тунлари ва карантин бошланишида ўзимни жуда ёлғиз ҳис қилар эдим. Банк ва супермаркетга боришдан бошқа ҳеч ким билан мулоқот қилиш имконияти йўқ эди.
Ростини айтсам, коронавирус менинг барча режаларимни бузди, хотинимнинг кўзи ёриши керак эди ва мен у билан бирга бўлишни хоҳлардим. Аммо, афсуски, мен узоқда бўлганимда қизим туғилди.
Мен пандемия пайтида саёҳат қилмаслигим ёки оиламни узоқ вақт тарк этмаслигим кераклигини англадим. Агар орқага қайтиш имкони бўлса, бу сафарни барибир амалга оширар эдим, фақатгина хотинимни ўзим билан олиб келсам бўлди эди.
«Андижонда тақдиримни учратдим ва шу ерда тўй қилмоқчимиз» — Женнифер Уиддон
Мен Андижон шаҳрига 3 март куни рус тилини ўрганиш бўйича икки ойлик курсда қатнашиш мақсадида келган эдим, она-шаҳрим Лос-Анжелесдан озгина чалғимоқчи эдим. Бундан ташқари, Тошкентда ажойиб бир дўстим бор. Ўзимни ёлғиз ҳис қилмаслигимни билардим, чунки унинг оиласи ҳам биз билан бирга бўлишини билар эдим.
Чегаралар ёпилганлигини айтишганида, мен жуда хафа бўлдим: дарсларим бекор қилинди ва кун бўйи уйда қолишим керак эди. Ўзим мустақил ёзувчиман, шунинг учун баъзи мижозларга мурожаат қилдим ва бир нечта кичик шартномалар тузишга муваффақ бўлдим, аммо ҳозир молиявий аҳволим бироз танг. Бу сафар давомида мен жуда тоқатли эканлигимни англадим.
Мен апрелда қайтиб кетишни режалаштирган эдим, аммо сентябргача бу ерда қоладиганга ўхшайман. АҚШ элчихонаси етарлича маълумотлар бериб туришибди, лекин унчалик фойдали бўлмади. Саволларимга тезлик билан жавоб олганим қониқтирди.
Ушбу саёҳат менга Ўзбекистоннинг ҳақиқий гўзаллигини кўриш ва оила, дўстлар ва жамиятнинг аҳамиятини тушуниш имкониятини берди. Америкада одамлар ҳожатхона қоғозини ғамлаётганлари ҳақидаги хабарларни ўқиб турганимда, бу ердаги қўшниларим менга овқат таклиф қилишар ва ёрдам сўрасам, мени ҳеч қачон ташлаб қўймасликларини айтишар эди.
Мен бу мамлакатнинг гўзаллигига — унинг меҳмондўстлигига қойил қоламан. Қўшниларим ҳар куни овқатланишга таклиф қиладиган ва ҳар ҳафта менга мева келтирадиган мамлакатда бўлиш бахтига муяссар бўлдим.
Карантин пайтида мен уйда қолдим, китоблар ўқидим, рус тилини ўргандим ва телевизион дастурлар учун сценарий ёздим. Ҳозир вақтимни дўстим билан ўтказаман, овқат пишираман, балиқ овига бораман ва ажойиб ўзбек дўстларимнинг уйига меҳмон бўлиб боряпман. Мен Американи бутун қалбим билан севаман, лекин бу саёҳат менга ортга назар солишимиз ва бир-биримизга ёрдам беришимиз кераклигини, акс ҳолда цивилизациямиз олдинга силжимаслигини тушунтирди.
Мен Ўзбекистонга қайтиб келишни режалаштиряпман ва умид қиламанки, икки мамлакат орасида бизнес юритаман. Бу ерда кийим ва поябзал ишлаб чиқарадиган бир нечта компаниялар билан гаплашдим, уйга қайтганимда уларнинг маҳсулотларини Америкада реклама қилишни ва сотишни режалаштирганман. Бу менинг янги мақсадим.
Ушбу сафар давомидаги энг муҳим воқеа бу дўстларим орқали Россиядан келган Дима исмли йигит билан танишганим бўлди. У Андижонни жуда ҳам яхши кўради, ҳатто ислом динини қабул қилган. У ҳам коронавирус туфайли юртига қайта олмади. Менинг рус тилим ҳам унинг инглиз тилиси каби яхши эмас эди, лекин қандайдир қилиб суҳбат давомида ҳазиллашардик ёки шаҳарда кечки овқатланишга бирга борардик. Бироз вақт ўтгач, тилларни яхши ўргандик. Яқинда эса биз унаштирилдик. Тўйни қишда ўтказмоқчимиз. Сентябрда мен Россияга унинг оиласи билан танишиш учун бораман. Бу биз учун энг катта марҳамат бўлди дея оламан. Тўйни Андижонда қилмоқчимиз ва кейин шу ерда яшаб қолишни хоҳлаймиз.
«Ўзбекистонда ўзимни Франциядагидан кўра хавфсизроқ ҳис қиламан» — Мари Лефевре
Ўзбекистонга 2019 йил октябрь ойида иш бўйича келганман, ундан олдин Мўғулистонда эдим. Шуни тан олишим керакки, мен мамлакатингиз ва унинг маданияти ҳақида жуда кам маълумотга эга эдим. Ҳозир Тошкентда яшайман ва менга бу шаҳар жуда ёқади: ўрганиш ва кашф этиш учун жуда кўп нарсалар бор. Мактабда ишладим, шартномам ўқув йилининг охирида тугади, шунинг учун июль ойида Францияга қайтишни режалаштиряпман.
Коронавирус барча саёҳат режаларимни бузди. Қизларим билан март ойидан бери Тошкентдамиз. Хива ва Нукусга боришни, Орол денгизини кўришни режалаштирган эдик. Афсуски, буларнинг барчаси бекор қилинди. Ҳамма нарса ёпилгунга қадар мамлакат бўйлаб саёҳат қилишимиз керак экан.
Элчихонамиз чартер рейслари ҳақида маълумот улашиш ва соғлиқни сақлаш бўйича тавсиялар бериш ва бошқа масалаларда Ўзбекистонда истиқомат қилувчи барча Франция фуқаролари билан алоқада бўлиб турибди. Мен чартер рейси қачонлигини аниқлаштириш учун элчихона билан гаплашдим, лекин учиб кетмадим. Францияга қараганда Тошкентда ўзимни хавфсизроқ ҳис қиляпман. Мўғулистонга қайтишнинг эса иложи йўқ эди, чунки улар январь ойида чегараларни ёпиб қўйишган эди.
Карантин пайтида уйдан туриб ишлашда давом этдим, шунинг учун инқироз менинг молиявий аҳволимга унчалик ҳам таъсир қилмади. Ўзимни ёлғиз ҳис қилганим йўқ, учта қизим мен билан. Фақат турмуш ўртоғим март ойида биз билан кўришиш учун кела олмаганидан афсусдаман.
Қизларимга дарсларини қилишда ёрдам бериб тураман. Бўш вақтимда асосан уйда нон пишираман ва йога билан шуғулланаман. Мен ҳеч қачон спорт билан шу қадар жиддий шуғулланаман деб ўйламагандим.
Карантин пайтида ўзимизни худди пуфак ичида яшаётгандек ҳис қилдик. Ўйлайманки, бошқа жойда бўлганимизда ҳам, деярли ҳеч нарса ўзгармас эди. Атрофингиздаги муҳит ва қўшниларингизга тезда кўникиш бу қизиқ ҳолат. Бундай вазият одамда бирдамлик ҳиссини уйғотади.
Карантин менга чегаралар қанчалик аҳамиятсиз эканлигини тушунишга ёрдам берди. Фуқаролик тушунчаси ҳам, қанчалик муҳим бўлишидан қатъий назар, аслида ҳеч нарса эмас экан, чунки чет элликлар мамлакатда қолишлари учун Ўзбекистон визаларни бепул чўздирди.
Барчаси шундай бўлишини билганимда ҳам, албатта бу сафарни амалга оширардим! Мен Тошкентда ўтказган ҳар бир сониямдан завқландим. Янги маданиятни ўрганиш киши учун катта бойлик, ниманинг ҳисобига бўлишидан қатъи назар.
«Франциядан кўра Бухорода дўстларимиз кўпроқ» — Тэнис Уитердийк
14 йилдан бери мен ва рафиқам йилига камида икки марта Ўзбекистонга келамиз. Фаолиятимизни туризм соҳасида олиб борамиз.
Бир неча йиллар давомида биз Шухов минорасининг қаровсиз қолганлигини қайғу билан кузатдик. Президент Мирзиёев 2017—2018 йилларда тарихий обидаларни хусусий жамғармалар маблағлари ҳисобига қайта тиклаш лойиҳасини эълон қилганида, ўзбек халқига дўстлигимизни кўрсатиш мақсадида Шухов минорасини реконструкция қилиш ишларида хусусий инвестор сифатида қатнашдик. Минора реконструкция қилингач, иккита ресторан очдик ва панорамали лифт қўйдик. Энди минора Bukhara Tower деб номланади.
Фото: Bukhara Tower
Бу сафар биз 6 март куни Париждан Бухорога учиб келдик. Сайёҳлик мавсуми бошланишидан олдин чиройли панорамали кўринишга эга Bukhara Tower ресторанидаги ишчиларимиз меҳмонларни кутиб олишга қандай тайёргарлик кўраётганликларини ўрганмоқчи эдик. Вазият шундай ўзгариб кетиши мумкинлигини билсак ҳам келардик. 9 апрелда эса ортга қайтмоқчи эдик.
Қаттиқ карантин чоралари жорий этилгач, бизнинг ресторанимиз ёпилди, шунинг учун биз ҳозир даромад олмаяпмиз. Шунингдек, яқинда Бухородаги кучли шамол туфайли биз ҳам зарар кўрдик. Шунга қарамасдан, биз ишчиларимизга иш ҳақини тўлашни давом эттирмоқдамиз. Ўзимизда эса молиявий муаммолар йўқ.
Яқин дўстларимиз бизга ўз уйларидан жой ажратиб беришган, уларникида яшаяпмиз. Бу ерда ўзимизни ёлғиз ҳис қилмаймиз, Бухорода жуда кўп дўстларимиз бор… Франциядагидан ҳам кўпроқ.
Фото: Bukhara Tower юқорисидаги панорама майдончаси.
Ростини айтсам, мен пандемия пайтида Францияда эмас, балки Бухорода қолишни маъқул кўраман. Бунинг сабаблари оддий: чунки бу ерда қаттиқ санитария чоралари жуда тезда жорий этилди. Францияда бўлгани каби ниқобларнинг етишмовчилиги ҳам йўқ. Ўзбекистонда ҳамма ўзини-ўзи изоляция қилиш тартибини тўғри тушуниб, уйда қолди. Ўзбекистон аҳолисида ҳурмат туйғуси жуда кучли ва улар санитария қоидаларига амал қилади. Францияда эса ҳамма ниқоб етишмовчилигидан азият чекди ва расмийлар аҳолига аниқ кўрсатмалар бермади.
Рафиқам, AuthenticTravel сайёҳлик агентлигининг расмий вакили сифатида, уларнинг ишлари билан банд, пандемия туфайли кўплаб саёҳатлар қолдирилди ва шартномалар ҳамда ҳужжатларга ўзгартириш киритиш зарурияти пайдо бўлди. Мен ҳам ушбу агентлик ишлари билан шуғулланаман, веб-сайтни юритаман.
Шунингдек, Бухоро туризмни ривожлантириш бўлинмасига кўнгилли сифатида ўз хизматларим ва туристик хизматлар соҳасидаги хорижий тажрибам билан бўлишишни таклиф қилдим. Бундан ташқари, Бухоро шаҳридан 40 км узоқликда чўл ҳудудида жойлашган Bukhara Desert Oasis and Spa янги курорт зонасида маркетинг бўйича маслаҳатчиман. Кўриниб турибдики, мен жуда бандман ва ўз ишларимни ўзбекистонлик биродарларим учун катта завқ билан бажараман.
Фото: Bukhara Desert Oasis and Spa
Рейслар тикланиб, чегаралар очилиши билан биз қайтиб кетамиз. Тошкентдаги Франция элчихонаси ўз фуқароларига яхши ғамхўрлик қилмоқда. Карантин эълон қилингач, биз элчихонага чегаралар очилиб, авиарейслар тикланмагунча қолишимиз мумкинлигини айтдик. Улар биз билан доимий алоқада бўлиб туришади ва биз уларнинг ғамхўрликликлари учун жуда миннатдормиз.
Шунингдек, биз «Аэрофлот»нинг Москвадаги ваколатхонасидан Франция билан рейслар тикланиши биланоқ бизни хабардор қилишни сўрадик. Улар ҳам биз билан доимий алоқада. Кутамиз ва кўрамиз.
Аммо биз бу ерга 2 ёки 3 ой ичида қайтишни режалаштирмоқдамиз.
Карантин даврида мен учун ҳеч нарса ўзгармади, фақат имкон қадар Ўзбекистонда кўпроқ қолишни хоҳлаяпман. Рафиқам ва мен гўзал Ўзбекистонни жуда яхши кўрамиз.
«Шундай антиқа даврда Марказий Осиёда яшаганимдан ғурурланаман» — Мари-Вероник Беилли Лефевре
Мен Ўзбекистонга 29 февраль куни Франкфуртдан учиб келдим. Тошкентда яшайдиган қизимнинг ҳолидан хабар олиб, Ўзбекистонни ўзим учун кашф қилмоқчи эдим. 29 март куни қайтиб кетишим керак эди.
Карантин туфайли қизим Самарқанд ва Бухорога саёҳатимизни бекор қилди. Наврўз куни биз бу шаҳарларга ташриф буюришимиз керак эди, афсуски, бундай бўлмади. Қизим Франция элчихонаси билан боғланиб, менга чартер рейслари ҳақида хабар бериб турди.
Биринчи чартер рейси март ойида учди, лекин мен илгари сотиб олган чиптам билан учиб кета олишимга умид қилгандим. Рейсим 4 маротаба бекор қилинди. Бу амалга ошмаслигини англаб, май ойида учиб кетишга қарор қилдим, лекин Uzbekistan Airways ходими билан бир-биримизни нотўғри тушундик: чиптани сотиб олиш учун Амир Темур кўчаси, 41-уйга бордим, 51-уйга боришим керак экан.
Ушбу омадсизликни Тошкентда узоқ вақт қолишим кераклиги белгиси сифатида қабул қилдим! Бошида келганимдаёқ шаҳар бўйлаб экскурсия уюштирганимдан жуда хурсандман. Чунки Тошкентнинг қандай кўринишга эга эканлигига гувоҳ бўлдим: ёрқин ва ранг-баранг шаҳар.
Бу ерда қизим билан яшаяпман. Карантин пайтида ёқимли ва ёқимсиз вазиятлар бўлди. Кун тартибим ўзгарди: уйдан дарс берадиган ва болалари билан уй вазифасини бажарадиган қизимга ёрдам бердим, ошпаз бўлиб, кечки овқат пиширдим ва кўп ўқидим.
Худога шукур, Интернет бор экан. Франциядаги ўғлим ва оилам билан доимий равишда хабарлашиб тураман, улар ўзимни ёлғиз ҳис қилишимга йўл қўймайдилар.
Ҳеч бир киши бундай тажрибага тайёр эмас. Карантин пайтида ўйлаганимдан кўра чидамлироқ эканлигимни англадим.
Барчаси шундай тус олишини билганимда ҳам, албатта бу сафарни амалга оширардим. Мен деярли 72 ёшдаман ва шундай антиқа даврда Марказий Осиёда яшаганман, деб ғурур билан айта оламан.
Мақолани тайёрлаганлар:
Давлат Умаров