Ўзбекистон президенти «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги фармонни имзолади.
Фармонга асосан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси, унинг «Йўл харитаси» ҳамда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ҳамда шартномавий қўмиталари хабарномалари ва қарорларини кўриб чиқиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Унга кўра, қуйидагилар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар нормаларини бажариш юзасидан масъул давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
- халқаро ташкилотларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тавсияларини амалга оширишга қаратилган миллий ҳаракат режалари («йўл хариталари»)нинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш;
- қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини бажаришга тўсқинлик қилаётган сабаб ва шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда бартараф этиш;
- Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларини бажариш соҳасида Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ва фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорликни амалга ошириш.
Миллий стратегияда 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишида парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга мувофиқлаштириш белгиланган.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро рейтинглар ва индекслар бўйича дунёдаги 50 та етакчи мамлакатлар қаторига киришини таъминлаш устувор вазифалардан бири этиб кўрсатилган.
Стратегиянинг Йўл харитасига кўра, Ўзбекистонда бир қатор соҳаларнинг кодекс лойиҳаларини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Булар — Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс, Тадбиркорлик кодекси, Соғлиқни сақлаш кодекси ва Экология кодекси.
Шунингдек, мамлакат қонунчилигида мавжуд бўлмаган ёки янги таҳрирда ишлаб чиқиши вақт тақозо этган қуйидаги қонунларни ишлаб чиқилиши кутилмоқда:
- «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»;
- «Ўзбекистон Республикасида оммавий тадбирлар тўғрисида»;
- «Адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида»;
- «Тенг муомала қилиш ва камситмаслик тўғрисида»;
- «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонуннинг янги таҳрири;
- «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида»;
- «Бепул юридик ёрдам тўғрисида"ги қонун лойиҳаси;
- «Хусусийлаштириш тўғрисида»;
- «Ижтимоий тадбиркорлик асослари тўғрисида»;
- «Мажбурий тиббий суғурта тўғрисида»;
- «Меҳнат миграцияси тўғрисида»;
- «Ижтимоий суғурта тўғрисида»;
- «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси тўғрисида"ги қонунлар.
Бундан ташқари, фармонга мувофиқ, Олий Мажлисда Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича парламент комиссиясини тузилиши ҳамда вазирлик ва идоралар раҳбарларининг Миллий стратегия ва «Йўл харитаси»нинг ижро ҳолати юзасидан ахборотини ҳар чоракда эшитиш ва танқидий муҳокама қилиниши белгиланган.
Худди шу тартибда, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашларига вазирлик ва идоралар ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг Миллий стратегия ва «Йўл харитаси»нинг ҳудудлар кесимида ижро этилиши юзасидан ахборотини ҳар чоракда эшитиш ва танқидий муҳокама қилиш фармонда тавсия этилган.
Шу билан бирга, мазкур ҳужжат билан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини оширишда кўрсатган хизматлари учун ҳар йили Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида (10 декабрь) топшириладиган «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишонини таъсис этилиши кўзда тутилган.
Ҳужжатда ҳар икки йилда юқори савияда ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий давлатлар мутахассислари ва фахрий меҳмонлар иштирокида Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини ўтказиш бўйича кўрсатмалар берилган.