Жорий йил 5 январь куни «Қўқон-Тошкент» йўналиши бўйлаб кира қилиш мақсадида яшаш хонадонидан чиқиб кетиб, бедарак йўқолган К. Юлдашевнинг қотили аниқланди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати Тошкент вилоят ИИББ ахборот хизматига таяниб хабар қилди.
Марҳум К. Юлдашев (1962 й. т.) бошқарувида бўлган бўлган Cobalt автомашинаси 8 январь куни Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳар Янгиобод маҳалласи ҳудудида, унинг мурдаси эса тан жароҳатлари билан «Aнгрен» дарёси қирғоғидан топилган эди.
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ҳамда Прокуратура ходимлари томонидан олиб борилган қидирув суруштирув ишлари давомида мазкур мудҳиш жиноят иши фош этилди.
Ушбу жиноятни меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси У.Ё. (1998 й. т.) томонидан содир этилганига етарли маълумот ва далиллар тўпланиб, Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «и» банди билан гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган. Гумонланувчи У.Ё. айбига иқрорлигини ўз аризасида ҳам баён қилган.
Шунингдек, суруштирувлар давомида гумонланувчи У.Ё. нинг Оҳангарон ва Олмалиқ шаҳарларида содир этган бошқа (ўғирлик) жиноятлари ҳам фош этилган. Ҳозирда мазкур жиноят ишлари юзасидан Оҳангарон шаҳар ИИБ ТБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.