Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонга 500 млн АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит маблағларини ажратиш бўйича қарорни маъқуллади. Бу ҳақда Молия вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Унга кўра, жалб қилинаётган маблағлар Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ва давлат бюджетига коронавирус пандемияси ва глобал инқирознинг салбий таъсирини камайтириш чораларини молиялаштиришга йўналтирилади.

Таъкидланишича, Осиё тараққиёт банки томонидан қарз маблағларини ажратишдан аввал мамлакатдаги макроиқтисодий ҳолат, шу жумладан Давлат қарзига хизмат кўрсатиш хатарлари таҳлил қилинди. Таҳлил натижаларига кўра, ОТБ Ўзбекистон давлат қарзи барқарор ва хатарлар паст даражада деб баҳоланган.

Молия вазирлигининг хабарида қайд этилишича, 500 млн АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли қарз маблағлари 15 йил муддатга (шундан, 3 йил имтиёзли давр) Либор (6 ойлик) + спрэд (0,5%) йиллик фоиз ставкасида ажратилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойи бошида Ўзбекистон ҳукумати коронавирус пандемияси туфайли бюджетни қўллаб-қувватлаш учун Осиё тараққиёт банкидан 1 млрд долларгача миқдорда маблағ ажратишни сўраганди. Шунда, банк Ўзбекистоннинг коронавирус тарқалиши билан боғлиқ тиббий эҳтиёжлари учун 200 минг АҚШ долларига тенг миқдорида грант ажратилишини маъқуллаганди.