Тошкентда 72 ёшли аёл коронавирусдан вафот этди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Миробод туманида яшовчи Л.С. 29 июндан 1-сон Республика клиник шифохонасида COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмониянинг ўта оғир кечиши, нафас етишмовчилигининг 3-даражаси, сурункали юрак қон-томир етишмовчилиги ташхиси билан даволаниб келган.
Бемор бундан аввал юрак ишемик касаллиги, зўриқувчи стенокардия, гипертония касаллигининг 3-даражаси, қандли диабетнинг 2-тури (инсулинга муҳтож), диабетик нефропатия, ангиопатия, ретинопатия, полинейропатия, ёғли гепатознинг 2-даражаси, сурункали панкреатит билан даволаниб юрган ва назоратда турган.
Беморнинг ҳолати оғирлашгани сабабли 4 июль куни у Вирусология илмий-текшириш институти клиникасига ўтказилган. Реанимацион муолажаларга қарамасдан, бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди.
Аввалроқ Қорақалпоғистон ва Навоийда ҳам коронавирус беморларининг оламдан ўтгани ҳақида хабар қилинган эди.