Ўзбекистоннинг Россиядаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик идораларининг маълумотларига кўра, Россия-Қозоғистон чегарасидаги «Маштаково» назорат пункти 1300 нафар ва Оренбург вилоятининг Бузулук шаҳри яқинида 700 нафардан ортиқ фуқаролар тўпланган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг Оператив штаби хабар берди.
Чегарага йиғилган фуқаролар ўз уйларига автотранспорт воситаларида Қозоғистон ҳудуди орқали қайтиб олиш истагида. Қайд этиш жоизки, Қозоғистон COVID-19 ҳолатлари сони ошгани сабабли 5 июлдан икки ҳафта муддатга карантин чораларини кучайтирди. Жумладан, ҳудудлар ўртасида йўловчи автобуслари ҳаракати тўхтатилган.
«Минтақада коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазиятнинг кескин ёмонлашиши, Қозоғистонда қатъий карантин чекловлари жорий этилиши муносабати билан фуқароларнинг қўшни давлатлар ҳудуди орқали қайтиши ташкилий ва бошқа қийинчиликларни келтириб чиқармоқда, айниқса фуқароларнинг соғлиғи учун жиддий хавф туғдирмоқда», — дейилади хабарда.
Хабар қилинишича, ушбу ҳолатни фуқароларга тушунтириш мақсадида, Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси ва Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси раҳбарлари фуқаролар тўпланган жойга келишди.
«Мавжуд вазиятни инобатга олган ҳолда, Россия ҳудудида бўлиб турган фуқароларимиздан чеклов чораларига тўғри баҳо беришларини, Россия-Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш пунктларига боришга уринмасликларини, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишларини ва ўзларининг ва атрофдагиларнинг соғлиғини хавф остига қўймасликларини яна бир бор сўраймиз.
Ўзбекистон фуқаролари чартер рейсларини ташкил этиш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарорига биноан ҳамда мунтазам «сариқ» ва «яшил» рейслар қайта ташкил этилишига кўра ватанга қайтадилар", — дея хабардин Ташқи ишлар вазирлигининг оператив штаби.
Ўз навбатида, Республика махсус комиссияси 6−19 июль кунларига белгиланган чартер рейслар жадвалига ўзгартиш киритиб, Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларига бир қатор чартер рейсларни бекор қилди.
Аввалроқ, Россия-Қозоғистон чегарасида яна Ўзбекистон фуқароларининг тўпланиши кузатилаётгани ҳамда Қозоғистон орқали Ўзбекистонга қайтиш мумкинлиги тўғрисида ёлғон хабарлар тарқалаётгани ҳақида хабар берган эдик.