Республика махсус комиссияси қарори билан 10 июлдан республика миқёсида автотранспорт воситаларининг ҳаракати чекланади.

Бу масала бўйича махсус комиссия қуйидагиларни назарда тутувчи тартибни жорий этмоқда:

  • Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига автотранспорт воситаларининг кириши ва чиқиши (вилоятлараро қатнов) тўхтатилади (Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятига ҳамда Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кириб-чиқиш бундан мустасно);
  • жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилади;
  • автотранспорт воситаларида махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишга фақатгина куннинг муайян вақтида (07.00 дан — 10.00 гача, 17.00 дан — 20.00 гача) тегишли ҳудуд доирасида (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида) фуқароларнинг иш жойига бориб-келиши, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун ҳаракатланишига рухсат берилади;
  • карантин даврида фуқароларнинг мототранспорт (скутер) ҳамда велосипедда ҳаракатланишига фақатгина тиббий ниқобдан фойдаланган ҳолда ҳаётий зарур эҳтиёжлари — дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш, шифокор кўригига мурожаат этиш, шунингдек, иш жойига бориш ва келиш учун рухсат этилади.

Бунда автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши давомида сантария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш талаб этилади.

Шунингедек, вилоятлар марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари атрофидаги йўл патрул хизмати масканлари, блокпостлар ва тўсиқ постлар фаолияти ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги кучларини ҳамда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси вакилларини жалб қилган ҳолда кучайтирилади.

Автотранспорт воситалари ҳаракатланиши учун Давлат хизматлари марказлари томонидан илгари берилган махсус рухсатнома (стикер)лар карантин чекловлари амал қилиш даврида қўлланилади.

Қарорда огоҳлантирилишича, рухсатномаси мавжуд бўлмаган ҳолда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларининг ҳуқуқбузарлик давом эттирилишига йўл қўймаслик мақсадида карантин талабларни бузган шахсларга маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилиши ҳамда автотранспорт воситалари жарима майдончасига жойлаштирилиши назарда тутилади.

Вилоятлараро ва шаҳарлараро қатновларни амалга ошириш бўйича белгиланган чекловлар деҳқон ва фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини (мева-сабзавот, полиз, кўкат маҳсулотлари ва б.қ.) жойларга етказиш ва сотиш мақсадида вилоятлараро ва шаҳарлараро қатновларни амалга оширишга татбиқ этилмайди.