Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистонда фаолият юритувчи 27 та банк фаолиятини баҳолаш мақсадида «Банклар фаоллик индекси»ни ишлаб чиқди. Бу ҳақда марказ «Газета.uz»га маълум қилди.

Мазкур индекс банк активларида хусусий банклар улушини, шунингдек банк секторида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва трансформация жараёнлари самарадорлигини доимий равишда баҳолаб бориш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қайд этилишича, «Банклар фаоллик индекси» иккита субиндексдан иборат:

  • Молиявий воситачилик ва оммабоплик индекси;
  • Молиявий барқарорлик индекси.

Маълум қилинишича, тадқиқотда Ўзбекистонда фаолият юритаётган 31 та тижорат банкидан 27 таси баҳоланган. Тадқиқотда баҳоланган банклар уч гуруҳга бўлинди: давлат улуши мавжуд йирик банклар; рақобатчи банклар; марказлашган банклар.



2020 йил май ойи учун ҳисобланган «Банклар фаоллик индекси» бўйича рейтингнинг юқори учталигида «Капитал банк», «Ҳамкор банк» ва «Алоқа банк» ўрин олишди.

Таъкидланишича, Капитал банк умумий рейтингда (молиявий воситачилик ва даромад олиш салоҳияти кўрсаткичлари бўйича рейтингларда ҳам) 1-ўринни эгаллаган.

Хусусан, Капитал банкда жамғарма ва муддатли депозитларининг жами кредитларига нисбати 82 фоизгача ошган бўлса, бошқа банклар ва молия институтларидан олинган депозитлар ва кредитларнинг жами мажбуриятларидаги улуши ҳамда мажбуриятлари таркибида давлат маблағлари улуши банк тизими ўртача кўрсаткичидан анча паст ҳисобланади (мос равишда 3,2 ва 0,14 фоиз).

Шунингдек, Капитал банкнинг молиявий оммабоплик индекси бўйича юқори кўрсаткичлари, хусусан 10 та энг йирик мижозларига берилган кредитлар улуши ҳамда хусусий секторга берилган кредитларнинг жами кредитлар ҳажмига нисбати мазкур банкниг рейтингда юқори поғонани эгаллашига сабаб бўлганлиги маълум қилинади.

Ҳамкор банк умумий рейтингда 2-ўринни (молиявий оммабоплик бўйича 1-ўринни, даромадлилик бўйича 2-ўринни) эгаллади. Хусусан, мазкур банк жисмоний шахсларга берилган кредитлар ўртача сони (ҳар бир филиалга 4323 киши) бўйича рейтингда 3-ўринга жойлашди. Ҳамкор банкнинг топ-10 мижозларига берилган кредитлар улуши паст даражада (14,3 фоиз) ҳисобланади.

Алоқа банк давлат улуши мавжуд йирик банклар орасида ҳукумат олдидаги мажбуриятларининг камлиги, жамғарма ва муддатли депозитларининг жами кредитларига нисбати юқорилиги сабабли умумий рейтингда 3-ўринни эгаллади.

«Тенге банк», «ЎзКДБ банк» ва «Пойтахт банк» умумий рейтингнинг сўнгги учлигида жойлашди.

«ЎзКДБ банкнинг топ-10 йирик мижозларига берилган кредитларнинг жами кредит портфелидаги улуши жуда юқорилиги ҳамда кредитларни жамғарма ва муддатли депозитлар ҳисобидан молиялаштириш даражасининг пастлиги мазкур банк учун нисбатан паст индекс ҳисобланишига сабаб бўлди», — дейилади тадқиқотда.

Шу билан бирга, 2019 йилда ўз фаолиятини бошлаган Тенге банк ва Пойтахт банкда жамғарма ва муддатли депозитларнинг жами кредит қўйилмаларига нисбатининг пастлиги, Тенге банк мажбуриятларида бошқа банклар ва молия институтларидан олинган депозитлар ва кредитларнинг юқори улуши мазкур банкларнинг «Банклар фаоллик индекси» бўйича рейтингда мос равишда 25-ўрин ва 27-ўринларни эгаллашига сабаб бўлди. Шунга қарамасдан, ушбу банклар ликвидлилик даражаси бўйича топ-3 лидерлар ҳисобланади.

Банклар фаоллик индекси бўйича рейтинг

Манба: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази