Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтказилган Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органларида блокчейн тизими жорий этилади, дея хабар берди агентликнинг матбуот хизмати.

«ДХА блокчейн тизимини айнан ушбу соҳага жорий этишдан бошламоқчи. Бунинг учун мамлакатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан „ФҲДЁ ягона электрон архиви“ ахборот тизимини блокчейн технологиясига ўтказиш белгиланган. Бунда давлат-хусусий шериклик тамойилларини жорий қилиш кўзда тутилган», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, мазкур такомиллаштириш ишларида давлат бюджетидан маблағлар сарфланмайди, молиялаштириш Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги асосида Давлат хизматлари агентлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури (БМТ ТД) қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.

Бу ишларни тўлиқ якунлаш ҳамда амалиётга татбиқ қилиш 2020 йилнинг декабрь ойига режалаштирилган.

Қайд этилишича, блокчейн «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизимига қўшимча махсус аппарат воситаларидан фойдаланмасдан хавфсиз кириш ва тизимдан фойдаланиш имкониятини яратади, киритилган фуқаролик ҳолати ёзувлари блоклар деб аталувчи хэш-функция ёрдамида ўзгармас блокка жойлаштирилади (хэшлаш).

Шу билан бир қаторда, маълумотлар фақатгина тизимда рўйхатдан ўтказилган аккаунтлар томонидан киритилади, яъни, ҳар бир иштирок этувчига махсус логин ва пароль берилади. Яна бир жиҳати шундаки, қайси аккаунт эгаси қачон ва нима маълумот киритгани шаффоф кўриниб туради. Бу эса тизимда фирибгарликларнинг олдини олишга ёрдам беради.

«Блокчейн тизимида фойдаланувчи мустақил равишда алоҳида блокдаги маълумотни ўзгартиролмайди. Яъни бир блокдаги маълумотнинг ўзгартирилиши барча аввалги блокларга таъсир қилади. Шу жиҳатдан ахборот хавфсизлиги таъминланади ҳамда тизимда ҳам шаффофлик таъминланади», — дея маълум қилинади.

Эслатиб ўтамиз, 1 апрелдан бошлаб «ФҲДЁ» соҳаси Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтказилганди.