Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати интернет-фойдаланувчиларининг нега ҳудуд раҳбари Бухорода эмас, Тошкентда даволанаётганлиги бўйича саволларига жавоб берди.

30 июль куни Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов Тошкентда COVID-19дан даволанаётганлиги ҳақида маълум бўлди. Олдинроқ Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ва Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсуновлар ҳам пойтахтда даволанаётганлиги маълум бўлган эди.

Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Илхом Нарзиевнинг маълумотига кўра, Карим Камоловда коронавирус 25 июль куни тасдиқланган.

«Шу кундан бошлаб вилоят раҳбари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро вилоят филиалида муолажа олишни бошлаган. (Агар Карим Камолов маҳаллий шифокорлар ва шифохоналарга ишончи бўлмаганида ўша заҳотиёқ пойтахтга борган бўларди!)», — дейилади хабарда.

Амалдаги қонунчиликка кўра вилоят ҳокимлари ҳукумат қошидаги Тиббиёт Бош бошқармаси рўйхатида туришади, дея таъкидлайди ҳокимият.

«Зарур ҳолатларда тиббий диагностика қилиш, даволаш, умуман олганда, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш мазкур бошқарма зиммасида. Шунга мувофиқ, ушбу Тиббиёт Бош бошқармасининг талабига кўра Карим Камолов 29 июль куни даволаш муолажаларини давом эттириш учун Тошкент шаҳридаги клиникага кўчириб ўтказилди», — дейилади матбуот хизмати баёнотида.

«Вилоят ҳокими ўтган 3 кун давомида малакали тиббиёт мутахассислари томонидан соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларига мувофиқ ишлаб чиқилган стандартлар асосида даволаш курсларини ўтамоқда», — дейилади хабарда (худди шундай кўринишдаги маълумот Навоий вилояти ҳокимлиги хабарида берилган).

Ҳозирда Карим Камоловнинг аҳволи яхши. У яқин кунларда тўлиқ тузалиб, ўз фаолиятини давом эттиради, дея таъкидланади ҳокимият хабарида.

Олдинроқ аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш бўйича бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев Akfa Medline хусусий клиникасида коронавирусдан даволанаётганлигини ҳақида хабар берган эдик.

31 июль куни Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов оламдан ўтди. Унда 24 июль куни коронавирус аниқланган эди.