Ўзбекистонлик футболчи, Россиянинг «Уфа» футбол клуби ўйинчиси Остон Ўрунов расман «Спартак» клубига ўтди. Бу ҳақда клубнинг расмий сайтида хабар берилди.
Хабарда қайд этилишича, 19 ёшли футболчи ФК «Спартак-Москва» билан узоқ муддатли шартнома тузган. У 20-рақам остида тўп суради. Трансфер суммаси эълон қилинмаганига қарамай, «Спартак-Москва» Ўрунов учун 2 млн евро беришга тайёрлиги ҳақида Sports.ru нашри хабар берганди. Шу билан бирга, ўзбекистонлик ёш футболчи йилига 600 минг евро маош олиши маълум бўлди.
«Жорий йилнинг баҳорида Остон „Уфа“ жамоаси учун Россия профессионал лигасида (РПЛ) ҳужумкор ярим ҳимоячи сифатида 10 та ўйин ўтказди, ўзининг юқори тезлиги ва ажойиб дриблинги билан ажралиб турди. Остонни қутлаймиз ва унга Спартакда ўзини муваффақиятли намойиш этишини тилаймиз!», — дейилади хабарда.
Остон Ўрунов ўзининг биринчи машғулотидан сўнг интервью берди.
«Мени бу ерда жуда яхши кутиб олишди, бу ерда зўр жамоа. Тезроқ жамоага киришишимга умид қиламан. Энди „қизил-оқларда“ („Спартак-Москва“ футбол клубининг ранглари — таҳр.) 35 миллионлик мухлислари пайдо бўлди десак бўлади. Бу бизнинг мамлакатимизнинг бутун аҳолиси», — деди ёш футболчи.
Маълумот учун, Ўрунов Наманганнинг «Навбаҳор» ва Тошкентнинг «Локомотив» жамоаларида тўп сурган. Ёш футболчи Ўзбекистон Суперлигасида жами 55 та ўйин ўтказган. У турли ёш тоифадаги Ўзбекистон миллий терма жамоаларига чақирилган ва 2019 йилда ёзида асосий терма жамоада ўз дебютини ўтказган.