Жиззах вилоятининг Зомин тумани ҳудудида Lada-Largus автомобили ва Isuzu юк машинаси иштирокида фожиали йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати хабар қилди.
Ҳодиса 10 август куни соат 16:30 да туман ҳудудидан ўтувчи А-376-автомобил йўлининг 239-километрида содир бўлди. Ҳайдовчи 42 ёшли Р.А. ўзининг бошқарувидаги Lada-Largus автомашинада Ҳовос туманидан Даштобод йўналишига қараб ҳаракатланиб кетаётган вақтида, ўзидан олдинда кетаётган автомашинани қувиб ўтиш учун қарама-қарши йўналишга чиқади. Бироқ шу йўналишда ҳаракатланиб келаётган 42 ёшли Р.Х. бошқарувида бўлган Isuzu юк машинасининг олди томонига бориб урилади.
Натижада Lada-Largus йўловчилари — 31 ёшли Х.Б.(аёл) ва 55 ёшли Б.Б.,(аёл) ҳодиса содир бўлган жойда вафот этган. Lada-Largus ҳайдовчиси, йўловчилари 30 ёшли Б.Б., ва унинг фарзандлари 6 ёшли Г. Р.(аёл), ҳамда 4 ёшли Р.Р. турли тан жароҳатлари билан туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Зомин тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.