Осиё Тараққиёт Банки (ОТБ) вице-президенти Шисинь Чен пандемия даврида Осиёда кўрилаётган чораларни таҳлил қилди ва инқирознинг оғир оқибатларини енгиб ўтишга ёрдам берадиган инвестицияларни ривожлантиришнинг тўртта йўналишини таклиф қилди. «Газета.uz» инглиз тилидаги мақоланинг таржимасини нашр қилади.

Бугунги кунга қадар дунё бўйлаб 700 мингдан ортиқ одам коронавирус инфекциясидан вафот этди. Пандемия кўплаб оилаларни умидсиз қилиб қўйди ва мисли кўрилмаган иқтисодий зарар келтирди.

Пандемияга қарши чоралар аҳамиятли бўлди: ҳукуматлар бутун дунё бўйлаб туризмни тўхтатди, мамлакатда чекловлар қўйди, кўп сонли одамларни карантинга олди ва тиббий хизмат ҳажмини оширди. Ҳукуматлар вакцинани қидиришдан ташқари синов технологияларини ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришни молиялаштирди.

Аммо, вакцина тайёр бўлиб, у самарали бўлганда ҳам, барчани эмлаш билан боғлиқ қийинчиликларни ҳисобга олсак, вируснинг сақланиб қолиш эҳтимоли катта. Бу эса вирус тарқалиши юқори даражага чиққан жойларда яна такрорий чекловлар қўйилиши талаб қилиниши кераклигини англатади. Биз бу ҳолатни бир неча мамлакатларда, жумладан Қозоғистон, Ҳиндистон, Покистон, Хитой ва яқинда Вьетнамда кузатдик.

Шундай қилиб, биз вирус билан яшашни ўрганишимиз керак. Ушбу ноаниқ «янги одатий» шароитда тезкор иқтисодий тикланиш имкониятлари чекланган. Одатдагидек бизнесга қайтиш даргумон ва иқтисодиётни тўлиқ тиклай олмайдиган кўринади. Шундай қилиб, иқтисодиётнинг юқори самарали сегментларига эътибор қаратиш — янги нормага эришиш учун оқилона ёндашувдир.

Тўртта асосий йўналишни йўлга қўйиш Осиёдаги ривожланаётган мамлакатларга ушбу вазиятни енгишда ва иқтисодий тикланиш йўлини топишда ёрдам бериши мумкин.

Биринчидан, соғлиқни сақлаш соҳасини кучайтириш керак. Узоқ муддатли сармоялар мавжуд бўлмаганлиги сабаб, нафақат касалхона инфратузилмасида, балки соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинида ҳам, соғлиқни сақлаш тизимининг самарали ходимлари учун зарур бўлган кадрлар захирасида ҳам жиддий тафовут мавжуд.

Пандемияга қарши Осиёнинг ривожланаётган мамлакатлари соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлашга рекорд даражадаги сармояларни киритишди. Масалан, Ҳиндистон ҳукумати апрелда COVID-19 га қарши курашиш учун тиббий хизмат кўрсатиш соҳасидаги бўшлиқларни тўлдириш учун 1,9 млрд доллар ажратди. Сўнгра яқинда соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш бўйича кенг қамровли дастур эълон қилинди. Бангладеш, Непал, Покистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон пандемияга қарши кураш режаларида шунга ўхшаш ёндашувларни қўллашди.

Соғлиқни сақлаш соҳасида, масалан, фармацевтика ва тиббий суғурта каби соҳаларда ҳам сезиларли тафовут мавжуд. Сармоянинг ҳозирги даражаси соғликни сақлаш тизимининг кенг қамровига (UHC) эришиш учун етарли бўлмасада, мамлакатлар 2030 йилга қадар UHC (United HeathCare) га эришиш маъсулиятини ўз зиммаларига олишди. Соғлиқни сақлаш сектори улкан ўсиш потенциалига эга.

Иккинчидан, ривожланаётган Осиё давлатларида заиф бўлиб қолаётган ва етарлича молиялаштирилмаган ижтимоий ҳимоя соҳасини жонлантириш зарур. COVID-19 га қарши курашиш мақсадида зарар кўрган аҳолини ижтимоий хавфсизлик тармоқлари орқали қамраб олиш ва уларга ёрдам кўрсатиш учун кўплаб чоралар кўрилди.

Масалан, Ҳиндистон ҳукумати ноябрь ойига қадар 800 млн кишини бепул озиқ-овқат билан таъминлаш режасини, шунингдек, аёллар, кексалар ва ҳимояга муҳтожларга тўғридан-тўғри пул ўтказмалари ва бепул газ етказиб беришини эълон қилди.

Покистон ҳукумати 16,9 млн кам таъминланган оилаларга 1,2 млрд долларлик тезкор пул ўтказмалари тарқатиш учун маблағ ажратди. Непалда миллиондан ортиқ кам таъминланган оилалар шунга ўхшаш дастурлардан фойдаланишди. Ўзбекистонда кам таъминланганлар ва ҳимояга муҳтожларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини кенгайтириш учун 70 млн доллардан ортиқ маблағ ажратилди.

Шу билан бирга, ижтимоий ҳимоя тизимлари ривожланишнинг узоқ муддатли ҳаракат режаларини, жумладан, алоҳида маълумотлар базасини яратишни, рўйхатга олиш ва мониторинг тизимини ва кучли бюджет ёрдамларини талаб қилади. Ижтимоий ҳимоя секторининг ривожланиши иқтисодий интеграция ва барқарор ўсиш учун ёрдам беради.

Учинчидан, рақамли технологияларни кучайтириш керак. Пандемия одамнинг хулқ-атвори ва ижтимоий нормаларни ўзгартирмоқда. Уйда ишлаш одамларнинг фикрларини бутунлай ўзгартирди. Веб-семинарлар жисмоний семинарларни ўрнини босаётган бир даврда, веб-платформалар ҳам масофавий ишлаш ва ҳамкорликни енгиллаштиришда ўз самарадорлигини кўрсатмоқда.

Энг муҳими, рақамли технологиялар савдо ва туризмни ривожлантириш, кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлаш ва микромолиялашни рағбатлантириш учун ҳам кенг ва самарали қўлланилмоқда. Улар шунингдек, ҳозирда ҳукумат, таъминот ва таълим соҳасида тобора кўпроқ қўлланилмоқда. Рақамли технологияларнинг стратегик ривожланиши ўсиш сифатига катта таъсир кўрсатади.

Тўртинчидан, глобал таъминот занжирини кучайтириш керак. Изоляция режими даврида глобал таъминот занжири деярли тўхтаб қолди ва натижада бутун дунё бўйлаб ишсизлар сонининг кўпайиши сабаб иқтисодий зарар кўрилди.

Масалан, Бангладешнинг тўқимачилик экспорти бекор қилинди ёки тўхтатилди, Покистон, Непал, Ўзбекистон ва Грузиядаги халқаро шартномалар асосан хом ашё етказиб беришда узилишлар сабабли тўхтатилди. Пандемия глобал таъминот занжирини ислоҳ қилиш зарурлигини кўрсатди.

Биз юқори даражадаги интермодал транспорт тизимини ривожлантириш, савдо самарадорлигини ошириш ва савдо ва таъминот занжирини янада самарали механизмларини ривожлантиришга ҳаракат қилишимиз керак.

Бундан ташқари, халқаро глобал таъминот занжирлари тармоғини, шу қаторда йирик етказиб берувчиларнинг корхоналарини қайта жойлаштиришни янада кучайтириш тизим таназзулга учраган тақдирда ҳам товарлар айланишини давом эттиришга ёрдам беради. Глобал таъминот занжири жаҳон иқтисодиётининг асосий артериясидир ва унинг барқарор оқими иқтисодий тикланишнинг асоси ҳисобланади.

Ривожланаётган Осиё давлатлари кўплаб инқирозларни ва офатларни бошдан кечирган ва доимо ўзини тиклаб келган. Банк тизимига жиддий таъсир кўрсатган Осиё молиявий инқирозидан сўнг (1997−1998 йилларда Жануби-Шарқий Осиёдаги иқтисодий инқироз — таҳр.), минтақа ўзининг муҳим молиявий институтларида оғриқли, аммо зарур бўлган ислоҳотларни бошдан кечирди.

Ушбу ислоҳотлар Осиё банк тизими учун муҳим бўлган барқарорликни таъминлаб, глобал молиявий инқироздан ўн йил ўтиб, уни енгишга имкон берди. COVID-19 пандемияси бизни ҳам шунга ўхшаш тарзда илҳомлантириши керак — инқироз қанчалик жиддий бўлса, ислоҳотлар ва тикланиш имконияти шунча кўп.

Биз янги нормага дуч келар эканмиз, одатдагидек бизнесга қайтиш ва иқтисодиётни тўлиқ тиклай олиш даргумон кўринади. Бунинг ўрнига, тўртта асосий йўналишдаги ўзига хос тикланиш йўллари йўқотишларни қоплаш, ривожланаётган Осиё давлатларининг потенциалини амалга ошириш имконини беради.