Президент Шавкат Мирзиёев «Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги карорини қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ушбу қарорга мувофиқ, республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган 14 та таянч ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилади. Бунда Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ушбу мактаблар мақомига мослаштириш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, қарорда туман (шаҳар)ларда босқичма-босқич кимё ва биология фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган 150 та мактаб ташкил этилиши ҳам кўзда тутилган.

Ихтисослаштирилган мактабларда кимё ва биология фанларини самарали ўқитишни мувофиқлаштириш учун уларга олий таълим муассасаларининг 55 та кафедрас и бириктирилади. Шу қаторда ишлаб чиқариш тармоқлари учун ўрта бўғин кадрлар тайёрлаш тизимини самарали йўлга қўйиш юзасидан кимё ва биология йўналишларига тегишли мутахассисликлар бўйича ўрта бўғин кадрларини тайёрлайдиган 47 та профессионал таълим муассасаларига ишлаб чиқариш корхоналарини бириктирилиши ҳам назарда тутилган.

Олий таълим муассасаларида кимё ва биология йўналишларида самарали ўқув жараёнини ташкил этиш, фанларни ривожлантириш учун уларнинг 74 та кафедрасига 11 та Фанлар академияси илмий-тадқиқот институти ҳамда ишлаб чиқариш тармоқлари бириктирилади.

Кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини қўшимча молиялаштириш, уларни жиҳозлаш, ўқитувчиларга устама ҳақ тўлаш ҳамда кимё ва биология фанларини ўқитиш бўйича бошқа тадбирларни молиялаштириш учун Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган махсус жамғармалар ташкил этилади.

Ихтисослаштирилган мактабларга қабул қилинган кимё ва биология фанлари ўқитувчилари ҳамда раҳбар кадрларининг базавий тариф ставкасига нисбатан амалда белгиланган устама ҳақи миқдори 2021 йил 1 январдан бошлаб 50 фоизгача оширилади.

Давлат тест марказига 2021 йил 1 февралга қадар Кимё ва биология фанларидан билимларни баҳолаш бўйича миллий сертификатлаш тизимини жорий қилиш топшириғи берилган.

Бунда Миллий сертификатлаш тизими доирасида қуйидагилар белгиланди:

  • кимё ёки биология фанларини билиш даражасини аниқлаш ва бу тўғрисида миллий малака сертификатларини бериш белгиланган тартибда Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади;
  • кимё ёки биология фанларини билиш даражасини аниқлаш табақалаштирилган ҳолда амалга оширилади;
  • имтиёз бериладиган даражадаги миллий сертификатга эга умумтаълим мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар мактаби ўқувчилари давлат олий таълим муассасасига ўқишга киришда кимё ёки биология фанидан тест синови топширишдан озод этилади ҳамда унга тегишлилигига кўра кимё ёки биология фани учун белгиланган максимал балл берилади.

Қайд этилишича, Инновацион ривожланиш вазирлиги Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси билан биргаликда 2021 йилдан бошлаб илғор хорижий тажриба асосида таълим муассасалари учун кимё ва биология фанларидан ўқув ва илмий адабиётларни яратиш бўйича миллий танлов ташкил қилади. Ушбу танлов ғолибларига 100 миллион сўмдан бир марталик мукофот пуллари берилади.

Шунингдек, 2021 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба олий таълим муассасалари талабалари орасида кимё ва биология фанлари бўйича Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро фан олимпиадалари ўтказилади. Ушбу олимпиада ғолиблари магистратурага тегишли мутахассисликлар бўйича ўқишга ажратилган квота доирасида давлат грантлари асосида имтиҳонсиз қабул қилинади.

Халқаро олимпиадалар ғолибларини бир марталик мукофотлаш ҳамда тегишли мутахассисликлар бўйича олий таълим муассасалари магистратурасига давлат гранти асосида имтиҳонсиз ўқишга қабул қилиш тизими жорий этилади. Шу билан бир қаторда, 2021 йилдан бошлаб кимё ва биология фанлари бўйича халқаро ва республика олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган профессор-ўқитувчиларга бир маротаба ойлик маошининг 100 фоизи миқдорида, кимё ва биология фанлари бўйича талабалар учун тўгараклар олиб бораётган профессор-ўқитувчиларга ўқув йили давомида олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ойлик маошларига 25 фоиз миқдорида устама ҳақ белгилаш тартибини жорий этилади.

Бундан ташқари, тегишли вазирлик ва идораларга кимё ва биология йўналишидаги илмий-техник муаммолар ечимига йўналтирилган илмий фаолиятга оид ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиб, 2021 йилдан бошлаб ҳар йили 10 январга қадар тасдиқлаш учун Фан ва технологиялар бўйича республика кенгашига киритиш топшириғи берилди.