Отабек Умаров триатлон федерацияси ва Аралаш жанг санъати ассоциацияси раҳбарлиги лавозимларидан истеъфога чиқди, бу ҳақда «Газета.uz» га ассоциация ахборот хизмати маълум қилди.
Отабек Умаров 2019 йилнинг март ойидан Триатлон федерацияси раҳбари сифатида ишлаб келаётган эди. Унинг ташаббуси билан Triathlon Sprint ва Befit Indoor Triathlon мусобақалари ташкил этилган.
2019 йил ноябрь ойидан у Ўзбекистон Аралаш жанг санъатлари ассоциацияси президенти лавозимини эгалаб келаётган эди. Унинг раҳбарлиги остида пойтахтдаги «Хумо Арена»да 15 минг ишқибозни йиғган GFC 20 турнири ташкил этилганди.
Ушбу ташкилотларни тарк этиши ҳақида Отабек Умаров қуйидагича фикр билдирган: «Мамлакатимиз, бутун халқимиз бутун дунёни боши берк кўчага қамаб қўйган таҳдид билан тўқнаш келди. Ўз-ўзидан, айни пайтда рўбарў бўлиб турган қийинчиликларни енгиш учун ҳар биримиздан бор куч-ғайратимизни сарф этиш талаб этилади. Ушбу вазиятда давлат хизматини олиб бориш, жамоатчилик хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар принципиал янги характер касб этиши ва мисли кўрилмаган масъулият даражаси талаб қилишини яхши тушуниб турибман. Бу менда спорт ташкилотларида эгаллаб турган лавозимини тарк этишдан ўзга танлов қолдирмаяпти. Сабаби оддий: Триатлон федерацияси ҳам, ММА ассоциацияси ҳам вақт ва эътибор талаб қилади, янги шароитларда эса мен буни кафолатлай олмайман».
Отабек Умаров унинг ўрнига келадиган инсонлар Ўзбекистонда триатлон ва ММА позицияларини мустаҳкамлаш, соғлом ҳаёт тарзи ва муваффақиятга йўналган спорт тарғиботи томон ҳаракатни давом эттиришига хайрихоҳлигини айтди. «Ҳурматли делегатлар мен учун қадрли бўлган ташкилотларни бошқариш учун тайинлашга кимни лойиқ деб топишмасин, улар менинг қўллаб-қувватлашимга ишонишлари мумкин, чунки мен миллий спортнинг қизғин мухлиси ва элчиси бўлиб қолавераман.
Отабек Умаров ММА нинг Марказий Осиё конференцияси раҳбари лавозимидаги фаолиятини давом эттиради.