Сешанба куни Нукусда Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган саноат ходими Атаулла Маткаримович Худайбергенов 81 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Ахборот агентлиги хабар қилди.
Атаулла Худайбергенов 1940 йили Тўрткўл туманда дунёга келди. 1962 йилда Тошкент тўқимачилик институтини тамомлаган ва пахта саноати соҳасида фаолиятини бошлаган.
1966−1975-йиллари Тўрткўл пахта тозалаш заводида, 1975−1986-йилларда «Қорақалпоқпахтасаноат» трестида ва 1988−2007-йилларда Қўнғирот пахта тозалаш корхонасида самарали фаолият кўрсатди.
Бир неча марта Тўрткўл туман кенгаши депутатлигига сайланган, Қорақалпоғистон Олий Кенгаши депутати бўлган.
Атаулла Худайбергенов — собиқ Қорақалпоғистон АССР соғлиқни сақлаш вазири ва Ўзбекистон ССР соғлиқни сақлаш вазири, 2017 йилда вафот этган Абдулла Худайбергеновнинг укаси.