25 август куни Ўзбекистон халқ артисти, кино ва театр актрисаси Дилбар Икромова 73 ёшида вафот этди, дея хабар берди ЎзА.

«Халқ сўзи» нашрининг хабар беришича, актриса коронавирус инфекциясидан даволанаётган бўлган.

Театр ва кино актрисаси Дилбар Икромова 1947 йилда Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида туғилган. 1970 йилда А.Н.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг (ҳозирги М.Уйғур номидаги Санъат институти) «Театр ва кино актёри» факультетани тугатган.

Кинорежиссёр М.Абзалов 1984 йилда «Келинлар қўзғолони» бадиий фильмини суратга олишда Сотти ролига Д.Икромовани таклиф этган. Шунингдек, у «Чимилдиқ», «Дев билан пакана», «Девона», «Афғон», «Ойқиз эртаги» каби кўплаб фильмларда турли роллари билан танилган.

Дилбар Икромова 2001 йилда «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти» фахрий унвонига сазовор бўлган.