А-373, «Тошкент — Ўш» автойўлининг 222-километрида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида икки киши ҳалок бўлди, дея хабар қилди Ўзбекистон ФВВ матбуот хизмати.
Тахминан 16:24 ларда Фарғона водийсидан Тошкент томонга ҳаракатланиб кетаётган Isuzu ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб йўл ўртасидаги темир тўсиққа бориб урилган. Бунинг оқибатида ёнғин келиб чиқиб, автомашина ичидаги ҳайдовчи ва 1 нафар йўловчи воқеа жойида вафот этган.
Ушбу ҳолатга аниқлик киритилганда, юк машинанинг юкхонасида 8 тонна қурилиш хомашёси, яъни бетонга қўшиладиган кимёвий эритма борлиги маълум бўлган.
Юзага келган вазият юзасидан «Қамчиқ» Махсус-қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси бошлиғи полковник Х.Бобонов бошчилигидаги шахсий таркиб ҳамда махсус техникалар зудлик билан воқеа жойига етиб борди.
Ёнғин-қутқарувчиларининг олиб борган тезкор сай-ҳаракатлари натижасида ёнғин қисқа вақт ичида бартараф этилди.