Ўзбекистон президентининг фармони билан Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институти ректори Анатолий Торкунов «Дўстлик» ордени билан мукофотланди.

Фармонда қайд этилишича, Анатолий Торкунов Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, гуманитар соҳадаги кўп йиллик самарали ҳамкорликни ҳамда академик ва илмий-таълим алмашувлар бўйича узоқ муддатли дастурларни амалга оширишни қўллаб-қувватлашдаги шахсий ҳиссаси, шунингдек, халқаро муносабатлар ва иқтисодиёт соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашдаги бевосита иштироки учун «Дўстлик» ордени билан мукофотланди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг декабрь ойида Тошкент шаҳрида МГИМО (университет) филиали очилганди. Бу ҳақдаги шартнома 2018 йил кузда Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путин ўртасидаги музокаралар якунида имзоланганди.