Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Баҳромжон Нурматов оғир хасталикдан сўнг вафот этди. Бу ҳақда «Газета.uz» га вилоят ҳокимлиги хабар берди.
«Газета.uz» манбасининг хабар беришича, ҳоким ўринбосари COVID-19 дан вафот этган.
Баҳромжон Сатимбаевич Нурматов 1986 йилда Тошкент политехника институтини, 2000 йилда Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 1986 йили Тўрақўрғон туманидаги 148-хўжаликлараро механизациялашган кўчма колоннада усталикдан бошлаганди.
1998−2009 йилларда Тўрақўрғон туманидаги 7-механизациялашган кўчма корхона бошлиғи, Тўрақўрғон туманидаги 4-қишлоқ қурилиш комбинати директори, Наманган «Жамоа саноат қурилиш» ассоциацияси бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, раиси, Наманган вилояти ҳокимлигининг ягона буюртмачи-инжиниринг компанияси директори лавозимларида ишлаган. 2009−2016 йилларда Учқўрғон тумани ҳокими бўлган. 2016−2017 йилларда яна вилоят ҳокимлигининг Ягона буюртмачи-инжиниринг компанияси директори вазифасини эгаллаган.
У 2017 йилдан буён Наманган вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.