Ўтган кун давомида дунёда COVID-19 билан касалланганлар сони 338 мингдан зиёдроққа ошди, бу пандемия бошланганидан бери кунлик рекорд кўрсаткич, дея хабар берди РИА Новости ЖССТ сайтидаги статистик маълумотларга таянган ҳолда.

Янги ҳолатларнинг катта қисми Шимолий ва Жанубий Америкада (+122,7 минг), шунингдек, Европада (+96,9 минг) қайд этилган.

ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, жаҳон миқёсида COVID-19 билан касалланганлар сони 36 млн дан ошган ва миллиондан ортиқ одам вафот этди.

COVID-19 билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашуви сабаб Европанинг бир қатор давлатлари карантин чекловларини кучайтирмоқда, дея хабар берди Интерфакс. Жумладан, Чехияда барча спорт ва маданий иншоотларни келаси ҳафтадан бошлаб икки ҳафта муддатга ёпиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Мамлакатдаги ресторанлар фақат соат 20:00 гача ишлайди ва мактаблар одатий таълим билан биргаликда масофавий таълим шакли билан аралаш бўлган ўқитиш тизимига ўтади.

Бельгия пойтахтида ҳам янги чоралар кўрилмоқда: барча бар ва паблар бир ой муддатга ёпилди. Пойтахт бўйлаб барча ошхона, кафе, спорт клублари ва зиёфат залларига чекловлар қўйилди. Аммо ресторанлар ўз фаолиятини давом эттиради.

Швеция спорт тадбирлари ва концертларга ташриф буюрувчилар сонини кўпайтириш режаларидан воз кечишга қарор қилди. Ҳукумат чекловларни 50 дан 500 гача оширишни режалаштирилаётган эди.

Ушбу ҳафтада Италияда бутун мамлакат бўйлаб ниқоблар тақиш мажбурий қилиб қўйилди. Худди шундай чора шанба куни Польшада ҳам кучга киради.