Ўзбекистонда 2020 йилнинг ўтган 9 ойида (январь-сентябрь ойлари) жами 4294 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди сони, дея маълум қилди Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси. Бу — ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 510 тага камроқ (2019 йилнинг 9 ойи давомида — 4804 та).
Охирги 9 ой давомида рўй берган ЙТҲлар оқибатида 1293 та ўлим ҳолати қайд этилган. Мазкур ҳодисалар оқибатида умимий 3886 киши тан жароҳати олган.
Таъкидланишича, йўл-транспорт ҳодисаларининг 728 таси болалар, 1919 таси пиёдалар, 579 таси велосипедлар, 146 таси лицензияга эга бўлмаган таксилар ва 77 таси мотоцикллар иштирокида содир этилган.
Маълум қилинишича, республика бўйлаб энг кўп ЙТҲ Фарғона вилоятида — 666 та (2019 йил январь-сентябрь оралиғида — 712 та, -7%), Тошкент вилоятида — 495 та (688 та, -28%) ва Тошкент шаҳрида — 487 та (518 та, -6%), энг ками эса Сирдарё — 101 та (105 та, -4%), Жиззах — 118 та (177 та, -33%) ва Навоий — 144 та (153 та, -6%) вилоятларида қайд этилди. Сурхондарё вилоятида ўтган йилгига нисбатан ЙТҲлар кўрсаткичи 34 фоизга камайган ва 186 тани (2019 йил январь-сентябрь оралиғида — 283 та) ташкил қилган.
Манба: ИИВ ЙҲХББ
Шунингдек, ҳисобот даврида йўл-транспорт ҳодисалари асосан пиёдалар йўлнинг белгиланмаган жойидан ўтиши (17,8 фоиз), белгиланган тезликка риоя қилмаслик (15,5 фоиз), велосипед йўлаклари ташкил этилмагани (6,3 фоиз), чарчоқлик ёки ухлаб қолиш (6,2 фоиз) ва автомобилни маст ҳолатда бошқариш (1,7) каби ҳолатлар оқибатида содир бўлган.
Ушбу давр давомида республика бўйлаб 3,9 млн йўл ҳаракати қоидабузарликлари аниқланган. Шулардан 2,1 млн тасини қўпол қоидабузариклар, 565,5 мингтасини ҳавфсизлик камарини тақмаслик, 282,7 мингтасини қувиб ўтиш қоидаларини бузиш ташкил қилган.
Манба: ИИВ ЙҲХББ