Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 14 октябрь куни янги тайинланган Ҳиндистон элчиси Маниш Прабхатни қабул қилди, дея хабар берди ТИВ матбуот хизмати.
Абдулазиз Комилов элчини тайинлов билан табриклади ва унга самарали ишлашини тилаб қолди, дейилади хабарда. Томонлар икки мамлакат муносабатлари масалаларини ва турли даражаларда бўлиб ўтадиган қўшма тадбирлар жадвалини муҳокама қилишди. Хусусан, икки мамлакат ташқи ишлар идоралари ўртасида доимий равишда сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиш таклиф қилинди.
Вазир ва элчи, шунингдек, COVID-19 пандемиясининг ўзаро савдо-иқтисодий муносабатларга салбий таъсирининг олдини олиш ва савдо ҳажмини ошириш учун қўшимча чоралар кўриш зарурлигини таъкидлашди. Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги сайёҳлар алмашинувининг тикланишига ва ўзаро сайёҳлик оқимининг кўпайишига қизиқиш билдирилди.
Эслатиб ўзтамиз, Ҳиндистоннинг собиқ элчиси Сантош Жа Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини шу йилнинг июль ойида якунлаган эди.