13 октябрь кечаси Фарғона вилоятида ГАЗ-53 юк машинаси ҳаракатланиб келаётган «Тошкент-Андижон» 62-сонли йўловчи поезди локомотивига бориб урилган. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» хабар бермоқда.

Воқеа соат 21:40да «Бувайда» ва «Қўқон» бекатлари оралиғидаги темирйўл кесишмасида содир бўлган. Юк машинаси ҳайдовчиси туширилган «шлагбаум»ни айланиб ўтиб, йўл ҳаракати қоидасини бузган.


Тўқнашув натижасида юк машинаси кабинасига қаттиқ зарар етган. Ҳайдовчи ҳаёти учун хавфли бўлган оғир жароҳатлар олиб, воқеа жойидаёқ вафот этган.

Поезд локомотиви ва биринчи вагонга ҳам зарар етган. Йўловчилар орасида жароҳат олган ва вафот этганлар йўқ.


Шикастланган локомотив Қўқон локомотив депосига олиб кетилган. Қатнов таркибини бошқа электровоз ўз манзилига етказиб қўйган. Воқеа натижасида йўловчи поезди 42 дақиқа ушланиб қолган.

ЙТҲ юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа идоралар тергов олиб бормоқда.