Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Геология фанлари университети кампуси қурилиши билан танишди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Давлат раҳбари жорий йил 31 январь куни ушбу янги олий ўқув юрти қурилишига тамал тоши қўйган эди. Лойиҳа доирасида 6 та кўп қаватли иморат барпо этилиши ва 4 таси реконструкция қилиниши кўзда тутилган. Ҳозирги биринчи босқичда ўқув корпуси, Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти, Минерал ресурслар институти, Геология ва геофизика институти, Геология музейи бинолари, кутубхона, ётоқхона бунёд этилмоқда.

Геология фанлари университети соҳадаги илмий муассасаларни жамлаган яхлит мажмуа бўлиши кутилмоқда. Унинг таркибига илгари тарқоқ жойлашган 4 та илмий-тадқиқот институти киради. Соҳадаги муассасалар бир жойда бўлиши мутахассисларнинг яқин ҳамкорликда ишлаши, талабаларнинг илмий лабораторияларда амалиёт ўташини таъминлайди. Бу эса биноларга хизмат кўрсатиш учун ҳам қулай ва тежамкор, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Президент шу ерда илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари билан суҳбатлашди.

«Илм-фан барча соҳаларни фундаментал ривожлантириш учун асос. Аввалдан эътибор берганимизда, геологиянинг ҳамма йўналишлари бўйича 15−20 фоиз аҳолини иш билан таъминлашимиз мумкин эди. Мана энди олимларга шароит яратишга ҳаракат қиляпмиз, интеллектуал мулкни асраб, қўллаб-қувватлаяпмиз. Интеллектуал мулк унинг эгасига ҳам, давлатга ҳам манфаат келтиради», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев университетда яратиладиган шароитлар билан қизиқиб, қурилиш сифатли, лабораториялар юқори технологияли бўлиши кераклигини таъкидлади.

«Замин мустаҳкам бўлиши керак. Биз бу университетни келажак учун қуряпмиз», — деди давлат раҳбари.

Шу ерда лойиҳанинг иккинчи босқичи тақдимот қилинди. Бу босқичда Давлат геология қўмитаси биноси, Геология ахборот маркази, Геоинновацион технологиялар маркази барпо этилиши режалаштирилган.