Бу йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга туристик мақсадларда келган чет эл фуқаролари сони 1,4 млн кишини ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 72,6 фоизга камайган. Ушбу давр мобайнида туристик мақсадларда чет элга кетган Ўзбекистон фуқаролари сони эса 1,6 млн кишини ташкил этди (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кўрсаткич 73,5% га камайган). Бу ҳақда Статистика қўмитаси маълумот берди.

Умумий кўрсаткичлар

9 ой давомида МДҲ давлатларидан Ўзбекистонга келган чет эл фуқаролари 1,3 млн кишидан иборат бўлиб, бу жами ташриф буюрганларнинг 95,6 фоизини ташкил этади, бошқа давлатлардан эса 59,2 минг киши (ёки 4,4%) келган.

Сўнги уч йил давомида Ўзбекистонга келган чет эл фуқаролар сони (минг киши):


МДҲ давлатларидан
Бошқа давлатлардан
Жами
2018
3674,6
240,9
3915,5
2019
4565,6
372,9
4938,5
2020
1295,1
59,2
1354,3

Январь-сентабрь ойларида МДҲ давлатларига кетган Ўзбекистон фуқаролари 1,5 млн кишини ташкил этган бўлиб, бу жами кетганларнинг 93,0 фоизини ташкил этади, бошқа давлатларга эса 114,1 минг киши (ёки 7,0%) кетган.

Сўнги уч йил давомида Ўзбекистондан чет элга кетган фуқаролар сони (минг киши):


МДҲ давлатларига
Бошқа давлатларга
Жами
2018
6316,6
277,0
6593,6
2019
5852,5
342,8
6193,6
2020
1525,3
114,1
1639,4

9 ой давомида Ўзбекистонга келган чет эл фуқароларининг 50,8 фоизини (687,5 минг киши) эркаклар, 49,2 фоизини (666,8 минг киши) аёллар ташкил этди. Туристик мақсадларда чет элга кетган Ўзбекистон фуқароларининг 54,6 фоизини (894,7 минг киши) эркаклар, 45,4 фоизини (744,7 минг киши) аёллар ташкил этди.

Ўзбекистонга кириш ва ундан чиқиш йўналишлари

Республикага келган чет элликларнинг асосий қисми Қирғизистондан 424,8 минг киши (барча ташриф буюрганларнинг 31,4 фоизи), Қозоғистондан 399,8 минг киши (29,5%), Тожикистондан 333 минг киши (24,6%), Россиядан 70 минг киши (5,2%), Туркманистондан 60,6 минг киши (4,5%), Озарбайжондан 2,0 минг киши (0,1%) ва Беларусдан 1,3 минг киши (0,1%) ташриф буюрган.

Хорижий давлатлардан Ўзбекистон Республикасига келган чет ел фуқароларининг асосий қисми Туркиядан 15,2 минг киши (1,1%), Жанубий Кореядан 6 минг киши (0,4%), Хитойдан 5,1 минг киши ташриф буюрган.

Чет элга кетган Ўзбекистонликларнинг асосий қисми, яъни 42,7 фоизи Қирғизистонга (700,3 минг киши), 30,1 фоизи Қозоғистонга (494,3 минг киши), 16,2 фоизи Тожикистонга (265,9 минг киши), 2,8 фоизи Россияга (45,2 минг киши), 2,3 фоизи Туркияга (38 минг киши), 1,0 фоизи Туркманистонга (16,2 минг киши), 0,9 фоизи БAAга (15,4 минг киши), 0,6 фоизи Жанубий Кореяга (9,7 минг киши), 0,1 фоизи Германияга (1,4 минг киши) ва 0,1 фоизи Хитойга (минг киши) кетишган.

Сафарларнинг асосий мақсадлари

Ўзбекистонга келган чет ел фуқароларининг асосий сафар мақсадлари бу — қариндошларни йўқлаш бўлиб, булар 88,5 фоизни ташкил этади. Ўз навбатида, сайёҳлик мақсадида — 8,6 фоиз, даволаниш мақсадида — 1,0 фоиз, хизмат юзасидан — 0,9 фоиз, тижорат учун — 0,7 фоиз, ўқиш учун — 0,3 фоиз чет эл фуқаролари ташриф буюрган.

Ушбу давр мобайнида чет элга кетган Ўзбекистон фуқароларининг сафар мақсадлари бўйича тақсимланишидан кўриш мумкинки, уларнинг 87,2 фоизи ўз қариндошларини йўқлаш мақсадида, 7,4 фоизи сайёҳлик мақсадида, 3,4 фоизи ўқиш мақсадида, 1,4 фоизи хизмат юзасидан ва 0,6 фоизи даволаниш мақсадида кетган.

Фуқароларнинг ёши бўйича тақсимланиши

Бу йилнинг январь-сентабрь ойларида келган 18 ёшгача бўлган чет эл фуқароларининг 61 минг нафари эркаклар ва 59 минг нафари аёллар, 19−30 ёшлиларнинг 163,9 минг нафари эркаклар ва 94 минг нафари аёллар, 31−55 ёшлиларнинг 358,3 минг нафари эркаклар ва 351,5 минг нафари аёллар, 56 ёш ва ундан катталарнинг 104,3 минг нафари эркаклар ва 162,3 минг нафари аёллардан иборат.

Ушбу даврда чет элга кетган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ёши бўйича тақсимланишидан кўриш мумкинки, уларнинг 47,6 фоизи 31−55 ёшлилар, 31,5 фоизи 19−30 ёшлилар, 15,1 фоизи 56 ёш ва ундан катталар ва 5,8 фоизини 18 ёшгача бўлганлар ташкил этади.