Туркия президенти Charlie Hebdo’ни судга берди

Aнқара Бош прокуратураси томонидан Франциянинг «Charlie Hebdo» сатирик журналига қарши Туркия президентининг карикатураси юзасидан жиноий иш қўзғатилди. Уларга Туркия жиноий кодексининг учта моддаси бўйича президентни ҳақорат қилганликлари учун айблов эълон қилинди. Туркия президенти маъмуриятининг алоқалар бўлими ахлоқсиз деб ҳисоблаган карикатура нашр этилганидан сўнг мамлакат керакли ҳуқуқий ва дипломатик чораларни кўришини таъкидлади. Расмий Aнқаранинг сўзларига кўра, «Европа тобора кўпроқ турклар ва Исломга нисбатан нафратнинг ботқоғига ботмоқда». — РИА Новости

Дональд Трамп қочоқларни қабул қилиш квоталарини рекорд даражадаги 15 мингга туширди

AҚШ президенти Дональд Трамп қочоқларни қабул қилиш квотасини 2021 молиявий йилида (1 октябрдан бошланган) 15 минг кишига туширди, бу 1980 йилдан бери энг паст кўрсаткич. Тегишли меморандум 28 октябрь куни қабул қилинди. «2021 молиявий йил давомида AҚШга 15 минггача қочоқларни қабул қилиш инсонпарварлик нуқтаи назаридан ёки бошқа сабаблар туфайли миллий манфаатларга мос келади», — дейилади баёнотда. Президент Яман, Сурия ва Сомали каби давлатлардан келган шахслар (вазиятлари алоҳида гуманитар ташвишга соладиганлар бундан мустасно) қочоқ сифатида қабул қилиниши мумкин эмаслигини таъкидлади. — ТАСС

Коронавирусга қарши эмланганлар орасида касалланиш ҳолатлари кузатиляпти

«Спутник V» коронавирусга қарши эмлаш синовларида қатнашган шахсларда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари кузатилаяпти. Гамалея маркази директори Aлександр Гинцбург баъзи одамларда ҳақиқатан ҳам COVID-19 га тест натижалари ижобий натижа берганлигини айтди, аммо бу эмлаш ишламаётганлигини англатмаслигини таъкидлади. «Статистик маълумотларга кўра, ПЦР-мусбатлилари ҳам бор, аммо уларга плацебо (даволовчи хусусиятларга эга бўлмаган препарат — таҳр.) берилган бўлиши мумкин. Дастлабки маълумотларни фақат ноябрь ойининг ўрталарида тақдим эта оламиз», — деди Гинцбург. — The Bell

Эми Кони Баррет АҚШ Олий суди судьяси этиб тайинланди

АҚШ Сенати Эми Кони Барретни Олий суд судьяси лавозимига тасдиқлади. У 27 октябрь куни Оқ уйда судья сифатида қасамёд қилди. У ушбу лавозимга сентябрь ойида 87 ёшида вафот этган Рут Бейдер Гинзбург ўрнига тайинланди. Эми Кони Баррет номзодини президент Дональд Трамп илгари сурган. Қасамёд маросимида у Барретнинг «беғубор» баёнотини юқори баҳолади ва унинг тайинланиши эркинлик, тенглик ва адолат ғояларини илгари суришини таъкидлади. — Газета.uz