6 ноябрь куни Ўзбекистон раислигида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон бош вазирининг матбуот хизмати.

Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган йиғилишни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов олиб борди.


Фото: МДҲ Ижро қўмитаси

Тадбирда Беларус, Молдова, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон бош вазирлари, Россия Ҳукумати Раиси, Арманистон бош вазири ўринбосари, Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи ва бош вазири, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири иштирок этди.

Видеоконфренция қатнашчилари асосий эътиборни МДҲ доирасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалаларига, шунингдек, коронавирус инфекциясининг тарқалишига самарали қарши курашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларга қаратдилар. Бунда МДҲ эркин савдо зонасининг тўлиқ ишлаши муҳимлиги таъкидлаб ўтилди.

Ҳукумат раҳбарлари 2030 йилгача бўлган даврда МДҲ иқтисодий ривожланиш стратегиясининг биринчи босқичини (2021−2025 йилларда) амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режасини муҳокама қилдилар.


Фото: МДҲ Ижро қўмитаси.

МДҲ мамлакатлари савдо-иқтисодий ҳамкорлигининг базавий тамойиллари ва асосий йўналишларини белгилаб берадиган ушбу ҳужжат Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг иқтисодиёти рақобатбардошлигини ошириш, юқори технологик транспорт тизимларини яратиш, агросаноат комплексини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни рақамлаштиришни ривожлантириш, илмий-техникавий ва фан-таълим салоҳиятини юксалтириш ҳамда молиявий ва ижтимоий-иқтисодий сингари соҳаларда ҳамкорликни тараққий эттиришга қаратилган.

МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлиси якунлари бўйича транспорт, энергетика, қурилиш, таълим, маданият, туризм, жисмоний тарбия ва спорт соҳаларини, шунингдек, ёшлар сиёсатини ривожлантиришга оид жами 23 ҳужжат имзоланди.

Бундан ташқари тадбирда бир неча дастурлар муҳокама қилинди:

  • Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш, инновациялар, уруш қатнашчилари — маҳаллий можаролар иштирокчилари ва уларнинг оилалари ҳаётини яхшилашга оид дастурлар;
  • минтақалараро ва трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги муҳандислиги соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш концепцияси;
  • транспорт хавфсизлиги ва МДҲга аъзо давлатларнинг гуманитар соҳадаги ҳамкорлигини таъминлаш бўйича ҳаракатлар режалари;
  • жамиятнинг рақамли ривожланиши ва радиоактив материалларни трансчегаравий ташиш соҳасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солувчи шартномалар.

МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси 2021 йил 28 майда Беларус раислигида Минск шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.