Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги (ПИИМА) ҳамда биринчи хоним Зироат Мирзиёева васийлик кенгаши раиси бўлган «Zamin» халқаро жамоат жамғармаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Меморандум «Zamin» халқаро жамоат жамғармаси директори Тамила Алиева ва Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Ҳилола Умарова томонидан имзоланди.

Томонлар аҳолининг заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, таълим, хусусан инклюзив таълим сифатини янада ошириш, соҳага ахборот технологияларини кенг жалб этиш масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик қилади.

Ҳужжатни имзолаш маросимида икки томонлама ҳамда халқаро ташкилотлар билан иш олиб бориш, халқаро тажриба асосида эшитишда нуқсони бор болаларга замонавий билимлар бериш фаолиятини такомиллаштириш бугунги кун талаби эканлиги таъкидланди.

Меморандум мамлакатимизда инклюзив таълим ҳамда ахборот-технологиялари бўйича билим бериш жараёнларини янада яхшилаш учун пойдевор вазифасини ўтайди. Чунки ўзаро ҳамкорликдаги лойиҳаларда, асосан, болаларга ахборот-технологиялари бўйича бошланғич ва асосий билимлар берилади.

Таъкидланишича, ушбу ҳужжат Ўзбекистонда инклюзив таълимни ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Бундан аввал, «Zamin» фонди «Эшитиш қобилияти заиф болалар учун таълимни ривожлантириш» дастури доирасида «Zamin education» лойиҳасини бошлаган эди. Асосий мақсадлар эшитиш қобилияти заиф болаларнинг касбий маҳоратини ривожлантириш ва ижтимоийлашувда қўллаб-қувватлаш, уларни олий ўқув юртларига ўқишга киришга тайёрлаш, шунингдек, ахборот технологиялари соҳасида ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ўқитувчиларининг малакасини ошириш ва янги методологияни ишлаб чиқишдан иборат.