ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти ижтимоий тармоқларда «Сурхондарёда бир гуруҳ спорт мактаби тарбияланувчилари самосуд уюштириб, катта жанжал келтириб чиқарди» номи остида тарқалган видео юзасидан муносабат билдирди.
Тергов департаменти томонидан ўтказилган тергов натижаларига кўра, 3 ноябрь куни спорт мактаби директори, 1989 йилда туғилган Бекзод Д. ва 25 ёшли Жаҳонгир А. орасида келиб чиққан жанжал натижасида мактаб директорига тан жароҳати етказилган.
4 ноябрь куни соат 16:30 да Шўрчи туманида яшовчи 37 ёшли Шуҳрат Э. ўзининг мураббийи бўлган спорт мактаби директори Бекзод Д.га етказилган тан жароҳати учун ўч олиш мақсадида, ўзининг танишлари 28 ёшли Абдувосит А., 26 ёшли Жасурбек А., 28 ёшли Баходир Д., 31 ёшли Жахонгир У., 25 ёшли Ойбек П., Азизбек Қ., 29 ёшли Азамат Ҳ., 29 ёшли Сундарбек Х. билан биргаликда бир гуруҳга бирлашиб, жамоат жойи ҳисобланган Шўрчи тумани «Бобур» маҳалласида жойлашган ошхонада чой ичиб ўтирган, 25 ёшли Жахонгир А., ва унинг ўртоқлари 24 ёшли Хуршид А., ҳамда 26 ёшли Равшан Н.нинг ёнига бориб, ўзлари билан олиб келган бита ҳамда қўлларига тушган стул ва бошқа жисмлар билан 25 ёшли Жахонгир А.,ни урган вақтида, унинг ёнида ўтирган 26 ёшли Равшан Н., ва 24 ёшли Хуршид А.,лар безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўриб, ажратмоқчи бўлганлиги сабабли уларни ҳам уриб дўппослаб, тан жароҳати етказган ҳолда безорилик жиноятини содир этишган.
Суд-тиббий экспертиза хулосасида, фуқаро Жаҳонгир А., ва Хуршид А.га «енгил» тан жароҳати етказилгани кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан 5 ноябрь куни Шўрчи туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан фуқаро Шуҳрат Э., ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б,в» ва 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари давомида 28 ёшли Абдувосит А., 26 ёшли Жасурбек А., 28 ёшли Баходир Д., 31 ёшли Жаҳонгир У., 25 ёшли Ойбек П., Азизбек Қ., 29 ёшли Азамат Ҳ., 29 ёшли Сундарбек Х., ва 37 ёшли Шухрат Э.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан айблов эълон қилиниб, ҳар бирига нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.