Хитой фуқаро авиацияси регулятори (CААC) «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг Тошкент-Cиань йўналиши бўйича парвозларини вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда Синхуа янгиликлар агентлиги хабар берди. Бунга 5 ноябрь куни амалга оширилган рейснинг 11 йўловчисида COVID-19 тестининг ижобий натижаси аниқлангани сабаб бўлган.
HY501 рейсининг тўхтатилиши 23 ноябрдан бошлаб тўрт ҳафта давом этади, дейилади хабарда.
Агар мамлакатга етиб келган барча ҳаво йўловчиларида кетма-кет уч ҳафта давомида коронавирус тасдиқланмаса, у ҳолда авиакомпания парвозлар сонини ҳафтасига иккитага кўпайтириш учун рухсат олади.
Агар COVID-19 га топширилган тест ижобий натижалари 5 тага етса, у ҳолда ушбу парвоз бир ҳафтага тўхтатилади. Агар бундай йўловчилар сони 10 тага етадиган бўлса, у ҳолда ушбу йўналишдаги парвозлар тўрт ҳафта давомида тўхтатилади.
Агентлик «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси бекор қилинган парвоз квоталарини бошқа йўналишларга ўтказишга ҳақли эмаслигини таъкидлади.