Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев «Kun.uz»га берган интервьюсида Ўзбекистонда ҳозирги ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши оқибатида кўпгина ҳудудларда электр энергия узилишлари ва газ етишмовчиликлари кузатилаётгани бўйича муносабат билдирди.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, газ ва электр энергияси етишмовчилиги истеъмол ҳажмининг кескин ортиши сабабли юзага келмоқда.

Унинг сўзларига кўра, аввалари вазият бундан-да оғир бўлган, лекин одамларда ҳозиргидек мурожаат қилишнинг кенг имкониятлари бўлмаган. Яъни, мурожаатларнинг кўплиги муаммонинг кескин кўпайганидан эмас, истеъмолчиларнинг бу борадаги ҳуқуқий онги ўсаётганидан далолат бермоқда.

Бундан ташқари, Шерзод Хўжаев ҳозирда кўпчилик мансабдорларга нисбатан «кабинетдан чиқмаслиги ва мавжуд вазиятни тўлиқ ўрганмаслиги» бўйича айбловларнинг асоссиз эканлигини ва уларнинг асосий вақти жойларда, ишлаб чиқариш объектларида ўтишини таъкидлади.

«Электр энергияси шундай маҳсулотки, уни сақлаб бўлмайди. Ишлаб чиқарилдими, дарҳол истеъмол қилиниши керак. Яъни, биз уни қаердадир яшириб сақлаб қўя олмаймиз. Жайдари тил билан айтганда, „свет“ ўчганда кўпчилик ҳудудий электр тармоқлари операторини сўкади. Аммо уларда айб йўқ, аслида йўқ нарсани улар топиб бера олишмайди. Совуқ кунларда истеъмол каррасига ошади, бизнинг аксарият уйларимиз, биноларимизда иситиш қолоқ даражада. Ҳамма электр иситкичларни ёқади, юклама кескин ортади. Бу эса тизимнинг дош бера олмаслигига олиб келади», — деди энергетика вазири ўринбосари.

Бундан аввалроқ Энергетика вазирлиги матбуот хизмати электр энергияси таъминотидаги узилишлар асосан ҳаво ҳароратининг совиб кетиши ёки исиб кетиши натижасида электр энергияси истеъмолининг кескин ортиши туфайли юзага келганини маълум қилган эди.