Ўзбекистонда дарахтларни кесишга мораторий жорий қилинган давр мобайнида [11 ойда] Тошкент шаҳри бўйича жами 24236 туп дарахтни кесишга оид жисмоний ва юридик шахслардан 1690 та мурожаат келиб тушди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Нодир Юнусов «Газета.uz» маълум қилди.

Унинг қайд этишича, ўрганишлар натижасида 15,5 мингдан ортиқ дарахтларни сақлаб қолишга эришилган. Шунингдек, шу йилнинг ўтган 11 ойида дарахтларнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 307 та ҳолат аниқланган. Шундан 297 таси маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланиб, айбдорларга 428 млн сўм жарима белгиланган, умумий етказилган зарар суммаси эса 1 млрд 305 млн сўмни ташкил этган.

Бундан ташқари, 9 ҳолатда табиатга жуда катта, аниқроғи меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 300 баравари, яъни 67 млн сўмдан кўп зарар етказилгани сабабли жиноий иш қўзғатилган. Бу бўйича тегишли ҳужжатлар прокуратура органларига тақдим этилган. Табиатга етказилган зарар эса 1 млрд 881 минг сўмни ташкил этган.

«Минг афсуски, Тошкент шаҳрида аниқланган дарахтларни ноқонуний кесиш бўйича амалга оширилган ишларда, улардан 10 таси айнан мансабдор шахслар билан боғлиқ. Бу ҳам бўлса, жойлардаги ободонлаштириш бошқармалари ходимлари томонидан нотўғри амалга оширилгани аниқланди. Шу сабабли биз, ободонлаштириш бошқармалари билан бундан кейинги даврда дарахтларни кесилишига айнан экология инспекторлари иштирокисиз йўл қўйилмаслигига келишиб олдик. Буни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш мақсадида Давлат экология қўмитаси ва мутасадди ташкилотлар томонидан янги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда», — деди Нодир Юнусов.

Шу билан бирга, дарахтларни кесиш билан боғлиқ вазиятларда яна бир муаммо, уларни кўчириб ўтказиш ҳолати ҳам кўп учраётгани таъкидланди. Ҳозирда дарахтларни кўчириб ўтказиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас. Янги қарор лойиҳасида унинг аниқ тартиб-тамойиллари, дарахтларни хавфсиз кўчириб ўтказиш чоралари ва бошқаларни белгилаш режалаштирилган.

Бундан ташқари, ҳисобот давомида 2019 йилда қилинган мурожаатлар ҳам қайта кўриб чиқилган. Маълум бўлишича, жойларда 10 мингга яқин дарахтларни қуриган ва касаллангани сабабли кесиш бўйича ижобий ҳулосалар берилган.

Давлат экология қўмитаси вакили Туркистон саройи ён ҳудудидаги дарахтларни белгилаш масаласига ҳам изоҳ бериб ўтди.

«Тошкент шаҳри мисолида илмий институт вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган. Унинг асосий мақсади шаҳар кўчаларидаги барча дарахтларнинг ҳолатини ўрганиб чиқиш, биринчи навбатда зарарланган дарахтларни даволаш бўйича ҳар бирига индивидуал ёндошган ҳолда чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш белгиланган. Туркистон ён ҳудуди, Алишер Навоий кўчасини ўрганганимизда дарахтларнинг деярли 60 фоизи катта ёки кичик миқдорда зарарлангани аниқланди», — дея таъкидлади бошқарма бошлиғи.

Қайд этилишича, қарор лойиҳаси билан бутун республика аҳоли яшаш пунктларида дарахтларни ҳимоя қилиш воситалари билан таъминлаш ва уларни суғориш тизимни жорий қилиш кўзда тутилган. Бунда тегишли ҳудудларда ободонлаштириш бошқармалари қошида махсус тизимлар жорий қилиниши айтилди.

Аввалроқ, «Газета.uz» Давлат экология қўмитаси ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга мораторий муддатини 2021 йил 31 декабрга қадар узайтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритгани ҳақида ёзган эди.

Эслатиб ўтамиз, Туркистон саройи яқинида дарахтларга махсус белгилар қўйилгани ҳақида хабар берган эдик. Ўшанда Экология қўмитаси белгили дарахтлар имкон қадар кесилмаслигини маълум қилган эди.