«SOS Ўзбекистон болалар маҳаллалари уюшмасининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳуқумат қарори қабул қилинди.
Унга кўра, эндиликда:
- болалар маҳаллалари — болаларни муқобил парвариш қилиш хизматлари;
- ёшлар уйлари — ёшларга ҳамроҳлик қилиш хизматлари;
- ижтимоий марказлар — ижтимоий етимликнинг олдини олиш хизматлари деб қайта номланади.
Қарор билан тасдиқланган янги низомларга кўра:
- Болаларни муқобил парвариш қилиш хизматига қабул қилиш тарбияланувчи яшайдиган жой бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг қарори ҳамда ҳудудий халқ таълими бошқармаларининг йўлланмаси асосида амалга оширилади.
- Хизматга 10 ёшдан катта болалар уларнинг розилиги билан қабул қилинади.
- Ёшларга ҳамроҳлик қилиш хизматига оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилалардаги ёшлар ваколатли органлар мурожаати асосида қабул қилиниши мумкин.
- Ёшларнинг хизматга қабул қилиниши учун эркин хоҳиш билдириши қабулнинг мажбурий шарти ҳисобланади.
- Ижтимоий етимликнинг олдини олиш хизмати Уюшма филиали ва/ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки бошқа ҳамкор ташкилотлар ҳудудида ташкил этилади.
Болаларни кундузги вақтда парвариш қилиш ота-оналар билан хизмат ўртасида тузилган келишувга кўра амалга оширилади.