Энергетика вазири Алишер Султонов матбуот анжуманида Ўзбекистондаги газ ва электр таъминотида юзага келган муаммоларга изоҳ берар экан, Марказий Осиё энергия тузилмаси ёрдамида қўшни давлатлар ўртасида бир маромда энергия оқими таъминланаётганини айтди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

«Биринчидан, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энергия тузилмасига кирадиган давлатлардан бири. Иккинчидан, уни бошқарув маркази ҳам Тошкентда жойлашган. Электр энергияси оқими [переток]сиз бўлмаган, бўлмайди ҳам. Чунки ҳар битта давлат ўзининг станцияларига эга. Айтайлик, қаердадир мавсумий ишлайдиган, масалан, гидро станциялар, ёзда режими бошқача, қишда ишлаши бошқача бўлади. Кўп қувватли станцияларни бир маромда ишлашини таъминлашимиз керак. Айнан биз гапирган „пик“ вақтларда, бу кечқурун ёки кундузи бўладими, ўшанда энергия оқимлари бир-бирини баланс қилади, бир давлатдан бошқа давлатга ўтади. Биз ушбу тизимдан 30 йил давомида ажраламиз, деб кўп нарсаларни йўқотганмиз», — деди вазир Алишер Султонов.

Вазир, шунингдек, Ўзбекистонда энергия оқими таъминланмагани йирик станцияларнинг муддатидан олдинроқ эскиришига сабаб бўлганини маълум қилди.

«Биз шу инструментни [энергия оқими тизимини — таҳр.] ишлатмаганимиз катта станцияларимизнинг тезроқ эскиришига ёки ҳаётини қисқартиришига олиб келган. Чунки, чунки катта қувватли блоклар билан шу «пик"ларни регилировка қилишга мажбур бўлганмиз. Ҳозир давлат раҳбари олиб бораётган сиёсатлари билан қўшнилар билан муносабатимиз кескин ўзгарган. Ҳозир энергетика соҳасида Марказий Осиё давлатлари билан диспетчер алоқалари суткалаб эмас, соатбай гаплашиб турамиз. Ўшанинг учун газдан ҳам, энергиядан ҳам тўлиқ оқимлар [переток] бор», — дея таъкидлади вазир.

Султоновнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда бир кеча-кундузда электр бўйича 23 млн кВт/соат, газ бўйича эса 15−16 млн куб энергия оқими [переток] содир бўлади.

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев эса энергия бўйича импорт ва экспорт ҳажмига тўхталиб ўтди.

«2020 йилда электр энергияси бўйича импорт ҳажми тахминан 5,5 млрд кВт/cоат, экспорт ҳажми 2,6 млрд кВт/соатни ташкил этади. Бу ҳажм нуқтаи назаридан. Лекин қиймат нуқтаи назаридан қарасак, экспорт ва импорт ўртасида фарқ бўлмайди», — деди Ходжаев.

Вазир Алишер Султонов бунга қадар, Sputniknews-uz`га берган интервьюсида Тошкентда Марказий Осиёда газ тақсимловчи ягона мувофиқлаштирувчи марказни ташкил этиш бўйича фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашганди. Вазир аввалроқ, мазкур таклифини МОМИҲ (ЦАРЭС) форумида ҳам баён қилган.

Ўшанда Султонов: «Бизнинг ташаббусимизни ҳамкасбларимиз ижобий қабул қилишди. Ҳозирдан ушбу масалани қозоғистонлик ҳамкасблар билан муҳокама қилишни бошладик. Хусусан, биргаликда ташқи бозорларга чиқишни режалаштираяпмиз, масалан, афғон бозорига», — деган эди. Қолаверса, Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда газни тақсимловчи марказ ташкил этилиши бўйича лойиҳага маблағ ажратишга ҳам тайёр эканини айтган эди.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» энергетика вазири Алишер Султонов мамлакатдаги газ ва электр таъминотидаги узилишлар ортидан жамоаси билан истеъфога чиқиш ёки чиқмаслик масаласидаги саволга жавоб бергани ҳақида хабар қилган эди. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳеч қачон «Лукойл»дан қарз бўлмагани, қарздор «Ўзбекнефтегаз» бўлганини таъкидлаган эди. Унинг ўринбосари Беҳзот Норматов эса қарзнинг бир қисми барибир давлат бюджетига қайтарилишини маълум қилганди.