2021 йилда Тошкентнинг барча туманларида аҳолига қулай кўчаларида умумий узунлиги 50 километр бўлган пиёда ва велосипедда юриш учун «Саломатлик йўлаклари»ни ташкил этади, деб хабар бермоқда Спорт вазирлиги.

Хабарда келтирилишича, ушбу мақсадлар учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига 2023−2024 йилларда қайтариш шарти билан 20 миллион АҚШ доллари миқдорида фоизсиз ссуда ажратилади.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 30 октябрдаги фармонига биноан республиканинг ҳар бир туман маркази ва шаҳарларда пиёда ва велосипедда юриш учун «Саломатлик йўлаклари»ни ташкил этилишини белгиланган эди. Ҳужжатга кўра, пиёдалар ва велосипед йўлакларининг умумий узунлиги 3−5 кмни ташкил этади ҳамда ўзаро узвий боғлиқ бўлади.

Шунингдек, мазкур фармонда ўзбекистонликларга пиёда юргани учун пул тўланиши ҳам қайд этилган. Унга кўра, бир сутка давомида 10 минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон фуқаросининг электрон ҳамёнига 3 минг сўм, бир ойда бир марта туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган кишига 300 минг сўм, ҳудудлар бўйича энг кўп юрган кишига 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган кишига 1 млн сўм қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказилади.