Молия вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, Давлат молиявий назорати департаменти томонидан Халқ таълими бўлими 2018 йил 1 ноябрдан 2020 йил 1 ноябргача бўлган даври бирламчи ҳужжатлар асосида тафтишдан ўтказилган.
Шунда ходимларга ҳисобланган иш ҳақига нисбатан 33,8 млрд сўм нақд пуллар Халқ таълими бўлимининг масъул ходимлари томонидан банкдан ортиқча олиниб, марказлашган бухгалтерия кассасига кирим қилинмасдан ўзлаштириб юборилганлиги аниқланди.
Аниқланишича, ушбу ўзлаштирилган маблағлар 2018 йилда 1,0 млрд сўмни, 2019 йилда 12,6 млрд сўмни ва 2020 йилнинг ўтган даврида 20,2 млрд сўмни ташкил этган.
Ўтказилган тафтиш якуни бўйича тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилгани маълум қилинди.