Вестминстер магистрлик суди WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанжни гаров эвазига озод қилишни рад этди. У экстрадиция иши бўйича АҚШ аппеляцияси кўриб бўлингунга қадар қамоқда қолади, дея хабар бермоқда РИА Новости.
Жулиан Ассанжга аввалроқ, у гаров эвазига озод этилиш шартларини бузгани учун рад жавоби берилди. Ҳудди шу асосда судьялар унинг адвокатлари киритган аввалги илтимосномаларини ҳам рад этишган эди.
«АҚШда менинг қароримга эътироз билдириш имконияти бўлиши керак, агар Ассанж қочиб кетса, Америка томони бундай имкониятдан маҳрум бўлади. Бундан ташқари, менинг олдинги қароримга сабаб бўлганидек, Белмарш қамоқхонасидаги шароитлар Ассанжни Америка қамоқхоналарида кутиши мумкин бўлган шароитлар билан ҳеч қандай умумий жиҳатларга эга эмас», — дея тушунтирди судья Ванесса Барайтсер.
WikiLeaks асосчисининг ҳимоячилари Ванесса Барайтсернинг қарорини «тушунарсиз» деб атади, чунки «ҳудди шу судьянинг ўзи гуманитар сабабларга кўра, экстрадиция қилишни рад этган эди, у бу билан мазкур қарорга ўзи қарши чиқмоқда».
Аввалроқ, Лондон суди АҚШ ҳукуматига Жулиан Ассанжни руҳий саломатлиги ва ўз жонига қасд қилиш хавфи мавжудлиги туфайли экстрадиция қилишни рад этди.
49 ёшли Жулиан Ассанж Wikileaks АҚШ ҳукуматининг махфий ҳужжатларини эълон қилганидан сўнг, 2010 йилда машхур бўлиб кетди. Жинсий зўравонликда айбланиб, Швецияга экстрадиция қилинмаслик учун у 2012 йилнинг июнь ойидан Эквадорнинг Лондандаги элчихонасида яшириниб юрди. Кейинроқ айблов бекор қилинди. 2019 йилнинг апрелида Америка томонининг талабига кўра, Британия полицияси Ассанжни қўлга олди. Ўшандан бери у Белмарш қатъий режим қамоқхонасида сақланмоқда.
Экстрадиция масаласи бўйича эшитувилар 2019 йилнинг 2 май санасидан бошланган. Шундан сўнг, АҚШ ҳукумати Ассанжга жосуслик тўғрисидаги қонунни бузиш ва махфий маълумотларни ошкор қилиш бўйича 17 эпизоддан иборат айбловларни қўйди. У АҚШга топширилса ва барча эпизодлар бўйича айбдор деб тан олинса, у 175 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинади.