Ангрен шаҳар прокуратураси томонидан Янги-Ангрен иссиқлик электр станциясидаги портлаш натижасида уч киши вафот эткани юзасидан жиноят иши очилди. Бу ҳақда «Газета.uz» сўровига кўра, Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

ЖКнинг 257-моддаси 2-қисми «а, б» бандлари (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш одам ўлиши ва бошқа оғир оқибатлар келиб чиқиши) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, чоршанба куни Янги-Ангрен ИЭСнинг 5-энергия блокида чанг-кўмирли ҳаво аралашмасининг чақнаши натижасида ёнғин содир бўлган эди. Оқибатда 3 киши воқеа жойида вафот этган, яна 3 нафари турли даражадаги куйиш тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди. Вафот этган ва жароҳат олганларнинг барчаси корхона ишчилари ҳисобланади.