25 январь куни марҳум олим Андрей Кубатиннинг ноҳақ қамалгани ва унинг оила аъзоларига етказилган маънавий зарарни қоплаш юзасидан Учтепа туманлараро судида суд мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар берди Kun.uz.

Маънавий зарар ундириш бўйича даъвони марҳумнинг опаси Клара Сахарова киритган. Жавобгар сифатида Тошкент шаҳар Молия бошқармаси судга жалб этилган ва етказилган маънавий зарар учун 3,5 млрд сўм маблағ ундириш сўралган.

Фото: Kun.uz / Андрей Кубатиннинг опаси Клара Сахарова.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил октябрида Андрей Кубатин коронавирус асоратларидан вафот этган эди.

2017 йилда у Ўзбекистон Жиноят кодексининг 157-моддаси (давлатга хиёнат қилиш) билан айбланиб, 5 йилга (апелляциягача — 11 йилга) озодликдан маҳрум этилганди. 2019 йил сентябрь ойида олим Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг қарори билан оқланган.

Ҳали ҳаётлигида у Ҳарбий судга 560 млн сўм миқдорида моддий зарарни қоплаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган. 10 декабрь куни Клара Сахарова почта орқали суд қарорини олди, унга кўра товон пули 462 минг сўмни ташкил этиб, шунинг 446 минг сўми давлат божи тўлови, 16 минг сўми почта хизмати учун сақлаб қолинган. Клара Сахарова суд қарори устидан апелляция берган эди.

«Ўзбекистон фуқароси ва дунёга машҳур олим сифатида унинг шаъни ва қадр-қиммати камситилди. Жисмоний ва маънавий-ахлоқий азоб-уқубатларга дучор бўлди», — дейди Клара Сахарова.

«У доимо шамоллаш, юрак-қон томир етишмовчилиги, уйқусизлик ва асаб-психиатрик касалликлардан азият чекарди. Унинг ҳибсда сақланиш даврида унинг оиласи ҳам азоб чекди. Унинг онаси Кубатина Алевтина маънавий зарар кўрди ва соғлиғига путур етди, унга оғир онкологик касаллик ташхиси қўйилди ва органларни олиб ташлаш бўйича мураккаб операция ўтказилди», — деди Клара Сахарова.

Клара Сахарова ва Андрей Кубатин.

25 январ куни бўлиб ўтган суд жараёни давомида Андрей Кубатиннинг опаси ва турмуш ўртоғи даъво суммасини (3,5 млрд сўм) қўллаб-қувватлади. Жавобгар, Тошкент шаҳар Молия бошқармаси вакили ушбу сумма давлат бюджети ҳисобидан эмас, балки марҳумга маънавий зарар етишига сабаб бўлган органлар, уни тергов қилган ташкилотлар, прокуратура ва айблов ҳукмини чиқарган суд томонидан қопланиши кераклигини айтди.

Судя Ҳилола Эргашева тарафларнинг фикрини эшитгач, иш бўйича бошқа масалаларни ўрганиб чиқиш мақсадида суд мажлисида танаффус эълон қилди. Апелляция тартибида берилган шикоят бўйича суд жараёнлари ҳали давом этмоқда.