Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси ва Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамкорлигида «Муносиб меҳнат орқали барқарор ривожланиш сари» мавзуида видеоконференция бўлиб ўтди. Унда асосий эътибор ХМТнинг 2020 йилги «Учинчи томон мониторинги» натижаларига қаратилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Сенат раиси ўтган йилни сарҳисоб қилар экан, тизимли амалга оширилган ишлар ўз натижасини берганини ва бу ХМТнинг мониторинг натижаларида ҳам акс этганини маълум қилди.

«Ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистонда тизимли мажбурий ва болалар меҳнати йўқ. Бунинг исботи Ўзбекистон мустақил жамоатчилик жамиятлари ҳамкорлигида ўтказилган ХМТнинг учинчи томон мониторинги натижалари ҳисобланади», — деди Танзила Норбоева.

Халқаро меҳнат ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси директори Хайнц Коллер.

Давра суҳбатида таъкидланишича, ушбу мониторинг 17 та халқаро ташкилот вакиллари иштирокида олиб борилган ва республика бўйича мажбурий меҳнатга йўл қўйиш ҳолатлари ўрганилган. Сенат раиси қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳозиргача саноқли ҳолатларда мажбурий меҳнат кузатилаётганини қўшимча қилди.

«Буни биз тан оламиз. Жойларда ҳанузгача саноқли ҳолатларда ҳосил йиғиб олишга мажбурий жалб қилиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Бизнинг мониторингимизга кўра, пахта йиғим терим мавсумида давлат меҳнат инспекцияси 46 та мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланган. 42 нафар мансабдор шахслар меҳнат муносабатлари қоидаларини бузгани учун жавобгарликка тортилган. Шунингдек, Миллий комиссиямиз ташаббуси билан мажбурий меҳнатга йўл қўйган Ҳукумат қарори билан Наманган, Тошкент ва Хоразм вилоятларида 5 та туман ҳокими хайфсан олди. Келгусида такрорий қоидабузарликларга йўл қўйишса лавозимдан озод қилиниши ҳақида огоҳлантирилди», — деди Нарбаева.

Вазир Нозим Хусанов.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусановнинг айтишича, ушбу ҳисобот ва эришилган ютуқлар натижасида халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистонга бўлган эътибори янада ошади.

«Бу ўз навбатида хорижий инвесторларни кириб келишига яна бир замин яратади. Келгусида аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш орқали янги корхоналар ташкил этишга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади», — деди вазир.