Қирғизистон Республикаси президенти Девони ахборот сиёсати бошқармаси бошлиғи Нургази Анаркулов шахсдан раҳбарлик лавозимини эгаллаши учун таъмагирлик йўли билан пора талаб қилгани учун қўлга олинди. Бу ҳақда Kabar ахборот агентлиги маълум қилди.
«Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Антикоррупция хизмати хабар беришича, Анаркулов эгаллаб турган лавозимини суиистеъмол қилиб, шахсий моддий бойиш мақсадида номзоддан давлат раҳбарлик лавозимларидан бирига тайинлаш тўғрисидаги масалани ижобий ҳал этиш учун жуда катта миқдорда пулни талаб қилган», дейилади хабарда.
Мазкур факт бўйича Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Давлат тергов бошқармаси Қирғизистон Жиноят кодексининг 326-моддаси (пора талаб қилиш) аломатлари билан судга қадар иш юритишни бошлади.
«2021 йил 30 январь куни тезкор-тергов тадбирлари доирасида А.Н.С. қўлга олинди ва МХДҚ Давлат тергов бошқармасига келтирилди», дея қайд этилган хабарда.