Ўзбекистонда «Nike» ва «Adidas» бренди остида кроссовкалар ишлаб чиқарилади. Биринчи босқич 2021 йилнинг 4-чорагида ишга тушиб, лойиҳа 2022 йил 3-чорагида тўлиқ қувватда ишга тушиши режалаштирилган, дея хабар берди Review.

Хабарга кўра, ҳозирда хорижий инвестор томонидан 6 млн AҚШ долларлик инвестиция киритилган. Заводда йилига жами 3 млн жуфт спорт пойабзали ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

2019 йил бошида амалга оширилган «Tianjin Zhongzhilihua» компанияси билан «SinoInternational» МЧЖ ўртасидаги келишувга кўра, Aндижон вилоятида 2020−2022-йилдан босқичма-босқич (умуман 3 босқичда) «Nike» ва «Adidas» кроссовкалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва Марказий Осиё давлатларига тайёр маҳсулотларнинг 50 фоизини экспортга йўналтириш режалаштирилган.

Маълум қилинишича, «SinoInternational» МЧЖ корхонасига Aндижон вилояти Aсака туманидан 1 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, ҳозирда 1000 кв.метр жойга бино иншоотлари қурилган. Дастгоҳлар олиб келиб ўрнатилган. Корхона 2020 йилнинг 4-чорагида ишга тушган.

«Ўзчармсаноат» уюшмаси маълумотига кўра, вилоятнинг шу ҳудудидаги ишсиз эркаклар ва аёлларни ишга жалб қилган ҳолда ҳозирда синов тариқасида 1 ойда 40 минг жуфт болалар ва ўсмирлар кроссовкалари ишлаб чиқарилмоқда.

Уюшманинг хабар беришича, «Nike», «Adidas» кроссовкалари талаб даражасида ишлаб чиқарилганидан сўнг, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 50 фоизини Марказий Осиё давлатларига экспорт қилишни «Tianjin Zhongzhilihua» компанияси зиммасига олган. Шу билан бирга, «SinoInternational» МЧЖ халқаро ярмаркаларда иштирок этиш ҳисобига 30 фоизини бошқа давлатларга ва 20 фоизини ички бозорга сотишга келишилган.

Лойиҳанинг молиявий манбаси — инвестор Фан Ронг Хуан бўлиб, лойиҳа тўлиқ ишга тушиши учун тўғридан тўғри 12 млн AҚШ доллари миқдорида маблағ ётқизилиши режалаштирилган. Ҳозирда хорижий инвестор томонидан 6 млн AҚШ долларлик инвестиция киритилган.