БМТТД, Япония Ҳукуматининг молиявий ёрдамида, аҳолининг ҳимояга муҳтож гуруҳларини қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган рақамли инфратузилма ва хизматларни яратиш бўйича Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига техник кўмак кўрсатди. Бу ҳақда «Газета.uz»га БМТТД матбуот хизмати хабар бермоқда.

Вазирликка маҳаллий ўз-ўзини бошқариш идоралари ходимларининг янги ҳужжат юритиш тизими билан ишлашини таъминлайдиган 100 та ноутбук тақдим этилди.

Вазирлик ва фуқароларнинг маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш идоралари орасида ахборот алмашинувини тартиблаштириш, маълумотларни қайта ишлаш вақтини қисқартириш ва шу орқали давлат хизматларини кўрсатишни тезлаштириш учун электрон ҳужжат юритиш тизими жорий қилинди. Ушбу тизим 100та махаллада ишга туширилган бўлиб, маҳалла қўмиталари маъмуриятларининг кундалик ишларида синовдан ўтказилади.

Бундан ташқари, зўравонликдан азоб чеккан аёлларнинг малака ошириши, мақбул иш топишида ёрдам бериш ҳамда ишсиз фуқароларни, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича вазирликнинг техник имкониятларини кенгайтириш учун ягона маълумотлар базаси ишлаб чиқилмоқда.

Ушбу тизим қарорларни қабул қилиш бўйича ўрнатилган механизм томонидан фойдаланиш учун маълумотларни тўплайди ва таҳлил қилади, ва шу орқали энг эҳтиёжмандларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун устуворлик тартибини аниқлашга кўмак беради, дейилади хабарда.