Тошкент вилоятининг Тошкент ва Янгийўл туманларида 5 000 дона «Гепарин» ҳамда 8 000 дона «HepaCare» дори воситаларини ноқонуний тартибда сотаётган шахслар ушланди. Бу Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва ДБҚнинг Тошкент вилояти бошқармалари биргаликда ўтказган тезкор тадбирларда аниқланган.
Тошкент туманидаги ҳолатда фуқаро Х.Н. 5 000 дона «Гепарин»ни дорихона ва унинг филиалларидан ташқарида харидорга 20 минг AҚШ долларига сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби ҳолат Янгийўл туманида ҳам кузатилган. Фуқаро И.И. 8 000 дона «HepaCare» номи остидаги дори воситасини 148,8 млн сўмга сотаётганида ашёвий далиллар билан ушланган.
Иккала ҳолат бўйича Х.Н. ва И.И.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 186−3-моддаси (дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализасия қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилди.
Айни пайт тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.