Президент Шавкат Мирзиёев жума куни Нурафшон шахрида бўлиб ўтаётган халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ҳокимларнинг сайлови масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

«Ҳокимлар ҳам сайлансин, деган гаплар ҳам жуда кўп айтилаяпти. Буни мен ўзим ҳам айтганман. Лекин бир савол бор: ҳокимларни сайлашга биз ҳозир тайёрмизми? Биз битта маҳалла раисини ҳам адолатли сайлай олмаймиз-ку», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

«Адолатли маҳалла раиси сайловини ўтказишга ҳаракат қилсак, тўда-тўда бўлиб келади, бизникини сайлаймиз дейди-да, сайлаб юборади. Жамият тайёр бўлмаган муҳитга сайловларни қўйиш хиёнат эмасми? Бу ҳақиқий хиёнатнинг ўзи», — деди у.

«Мен буни хоҳламайманми? Жуда ҳам хоҳлайман, мен ҳам буни яхши тушунаман. Лекин кимни сайлаймиз?» — дея савол билан мурожаат қилди президент.

«Лекин мен ишонаман, вақт келиб, албатта, ҳокимларни сайлаш жараёнига ҳам етиб келамиз», — дея қайд этди у.

Шавкат Мирзиёев ҳокимларни лавозимга сайлашни биринчи бор 2016 йилнинг декабрида таклиф этган эди. 2017 йилнинг августида у ҳозироқ ҳокимларни халқ сайлаши тизимини жорий этишга тайёрлигини билдирган эди.

2020 йилнинг сентябрь ойида давлат раҳбари яна бир бор, «Ҳокимларни халқ сайлаши керак. Шу кунларга барибир келамиз», дея таъкидлаган эди.

Ҳозирда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари тегишли халқ депутатлари кенгаши томонидан тасдиқлангандан кейин президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади. Шу билан бирга, номзодни давлат раҳбари тавсия этади.

Депутат Расул Кушербаев халқ ҳокимларни сайлашга тайёр эмаслиги ҳақидаги фикрга кўшилмаслигини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, «рухсат бераётганларнинг ўзи тайёр эмас». «Уларда қўрқув бўлиши мумкин. Қайси маънода, улар хоҳлаган одамни, одамлар сайламаслиги мумкин», — деди у.