Тошкент вилояти икки қисмга бўлиниши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жума куни Нурафшон шаҳрида бўлиб ўтган халқ депутатлари вилоят кенгашининг сессиясида маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Сизга бир сирни айтаман. Мен ўзим билан харита олиб келганман. Тошкент вилоятини иккига бўлмоқчиман. Мана жим бўлиб қолдинглар. Тушунаман, бу сизларга ёқмайди. Бўлмоқчиман, Конституция бўйича ҳуқуқ менга берилган. Мен таклиф бераман Олий Мажлис кўриб чиқади», — деди давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, «Ангрендан Бекабодга боргунча ярим кун кетади». «Хафа бўлманглар, аммо сизлар (маҳаллий депутатлар, оқсоқоллар ва бошқа раҳбарлар) бирлаша олмаяпсизлар, вилоятда бирдамлик йўқ», — дея таъкидлади у.

«Ангрендаги оқсоқолнинг гапи Бекободга тўғри келмайди. Бекободнинг гапини Чиноз олгиси келмайди… Иккита ихчамгина вилоят бўлади… 22 та ҳудудни бирдан бошқаришнинг ўзи бўлмайди. Лекин бу ҳақда ҳали ўйлаяпман», — дея қўшимча қилди Шавкат Мирзиёев.

Президент «Тошкент вилоятини ҳаммадан ҳам яхши биладиган» Зокир Алматовни (ИИВнинг собиқ раҳбари, айни пайт ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси) бекорга олиб келмаганини айтди. Таъкидланишича, Алматов ҳокимга ёрдам бериб, «бутун элни бирлаштириб беради».

«Депутатлар деганимда мана шу туман, шаҳар ва вилоят кенгашлари депутатлари уйғонишлари керак. Улар менга айтиши керак: ёки [вилоятни] бўлиб беринг, ёки биз бирлашамиз, деб. Мен ҳар куни бу ҳақида ўйлайман. Халқнинг манфаатлари учун қайси йўл маъқул деб ўйлаябман», — дея қайд этди давлат раҳбари.